Шукроналик фаровонликка олиб келади

Дарҳақиқат, шундай. Шукроналик тартибсизликни қулайликка айлантиради, ҳаётдаги барча тушунарсиз воқеаларни англаб олишга имкон бериб, руҳга тинчлик ва осойишталик бағишлайди.

Ҳақиқатан бахтли эканлигингизни англаб олиш учун ўз ҳаётингизга ташқи кузатувчи нигоҳи билан қараб кўринг ва содир бўлаётган барча яхши нарсаларни –  майда хурсандчиликлар, яқин дўстлар, кичик ғалаба ва ютуқларни қайд қилиб боринг.

Хоҳлаган нарсангизга эришмаган бўлсангиз ҳам миннатдорчилик билдиринг. Ахир сиз амалингиз ошмаслик сабабини билмайсиз-ку. Масалан, одамлар лифтда ёки тирбандликда қолиб кетиб кейинчалик қулаб тушган самолётга кечиккани ёки синган оёғи туфайли тропик оролга боролмагани ва ушбу оролда цунами содир бўлган ҳолатларни эшитган бўлсангиз керак.

Шукроналик инсон ҳаётига ўзи хоҳлаган нарсаларни жалб қиладиган ижобий ҳис-туйғуларни уйғотади.

Хўш, шукроналик қилишни қандай ўрганамиз? Бунда сизга энг оддий маслаҳатлар ёрдам бериши мумкин:

ухлашдан олдин оилангиз, дўстларингиз, об-ҳаво, янги ноутбук, ҳамкасбингизнинг ҳазили, мазали кечки овқат, эрталаб эса кўзингизни очиш ва янги кунни кўриш имконияти учун миннатдорчилик билдириш кераклигини эсдан чиқарманг;

миннатдорчилик изҳор қилиниши мумкин бўлган нарсаларнинг рўйхатини тузинг ва унга янги мақсад ва вазифаларингизни қўшиб боринг;

шукроналик стендини яратинг, унга энг яхши дўстларингиз, дам олган жойларингиз, тадбир ва байрамлар, бахтли бўлган онларингиз фотосуратларини илинг;

топиб олган бирор майда нарса учун овоз чиқариб ёки хаёлингизда ташаккур билдиринг;

бирор нохуш ҳолат рўй берганда, нима учун бундай бўлгани тўғрисида ўйлаб кўринг ва эҳтимол айнан шу ҳолат сизни рўй бериши мумкин бўлган бошқа балолардан асрагани учун ташаккур билдиринг;

ўзингизни ўтмиш хафагарчилиги ва кўнгилсизликлар юкидан халос этинг. Дилингизга озор берганларни кечиринг, уларни орқада қолдиринг, акс ҳолда содир бўлган нохушликлар юки елкангизга осилиб, янгиликларга халақит беради ва келажагингизни тўсиб қўяди.

кўпинча одамлар ҳатто фаровонлик ва бахтга эришиш йўлини топганида ҳам, уни қўрқув ва шубҳалар билан тирбанд қилиб қўйишади, шу сабаб, унга кира олмайди. Диққат-эътиборингизни янги кунга жамланг ва содир бўлиши керак бўлган ҳамма нарсага имкон беринг. Шукр қилинг. Шукроналик балолардан асрайди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.