Шукроналик – ютуқли стратегия

Америкалик маърузачи ва  бизнес психологияси бўйича китоблар муаллифи Дэн Вальдшмидтнинг сўзларига кўра, ҳар бир инсоннинг ўзидан кучлироқ бўлиши мумкин бўлган бир талай рақобатчилари бор, бироқ у ўз матонати, чидамлилиги ва ишлаш қобилияти туфайли уларни четлаб ўтиши мумкин.

“Ҳаётда муваффақият қозониш ва рақобатчилардан устунликка эришишга ёрдам берадиган кўплаб усуллар бор. Яна бир муҳим стратегия, у кўпинча унутиб қўйиладиган - шукроналик қилиш қобилиятидир.

Шукроналик ҳамма нарсани ўзгартиради. У сизни ўз соҳангиздаги энг кучли ўйинчилардан бирига айлантиради. Фақат байрамлар ва яхши кунлар учун шукр қилишнинг ўзигина етарли эмас - стратегия ишлаши учун сиз мақсадли равишда миннатдорчилик билдиришингиз керак.”

Қуйида муваффақиятга эришишнинг энг яхши йўли - шукроналик билдириш эканлигининг беш сабабини келтираман.

1. Шукроналик билдира бошлаганингизда, сиз ўзингизга керакли одамларни жалб қила бошлайсиз. Агар сизни юқори қадрлайдиган, ажойиб мижозларга эга бўлишни истасангиз, ўзингиз ҳам шундай одамга айланишингиз лозим. Ҳеч ким ўзини кўп нарсадан хабардор деб ўйлайдиган, манфур, доим нолиб юрадиган ва фақат ўз муаммолари ҳақида гапирадиган одамнинг ёнида бўлишни ёқтирмайди. Миннатдорчилик муносабатларни ўзгартиради.

2. Шукроналик билдира бошлаганингизда, ижодга янада мойилроқ бўласиз. Онгингиз остида вазиятингиз даҳшатини саралаб ўтиш ўрнига, сиз ёмон янгиликлардан ҳам ижобий нарсаларни чиқариб олишни ўрганасиз. Бу сизга бошқалар журъат эта олмайдиган нарсаларни синаб кўриш учун куч беради. Янгиликларни синаб бошлаганингизданоқ тез-тез ғалаба қозона бошлайсиз. Бу йўлни айнан шукроналик кўрсатади.

3. Шукроналик билдира бошлаганингизда, тўғри қарорлар қабул қила бошлайсиз. Нотўғри йўл тутганларга аччиқланмасдан, вужудингизни нохуш ҳис-туйғулар бошқаришига йўл қўймайсиз, оқилона ҳаракат қиласиз ва қарорларингиз ўзингизга бумеранг сифатида қайтиб келади. Шукроналик бу чуқур нафасдан завқ олиш қобилиятидир. У сизга бир зум орқага қайтиб, ҳаётни аниқроқ кўриш имконини беради.

4. Шукроналик билдира бошлаганингизда, маблағларингиз оқилона сарфланади. Сиз уларни "бўлиши керак бўлган" (чунки сиз ўзингизни жуда оз нарсага эга деб ҳисоблайсиз) ҳамма нарсага совуриб ташламайсиз - келажакдаги муваффақиятларингиз сармоясини киритасиз. Сиз “йўқ” дейишга тайёр турасиз - ва бу “йўқ” келажакдаги катта “ҳа”га айланади. Миннатдорчилик пулга оқилона ёндашишни ўргатади.

5. Шукроналик билдира бошлаганингизда, бошқаларга қараганда бироз омадлироқ бўласиз. Эҳтимол, аслида сиз атрофингиздагилардан кўра бахтли одам эмассиз, мабодо агар сиз ўзингизни шундай ҳис қиладиган бўлсангиз, ким ҳам сиз билан баҳслаша оларди?

Тасаввур қилинг-а, ҳар куни эрталаб уйғониб, ўзингизни дунёдаги энг бахтли одамдек ҳис қилдингиз. Шунда кунингизни қандай давом этардингиз? Аминманки, ҳозиргача қилиб юрган ишларни қайтармаган бўлардингиз. Миннатдорчилик сизга кўп нарсани бошдан бошлаш имтиёзини беради.

Суперюлдуз бўлишга ёрдам берадиган кўплаб стратегиялар мавжуд. Баъзилари пул, куч, вақт талаб қилади, шукроналик эса фикрлашда ўзгаришни тақозо этади. Ҳар доим “нимага шундай бўлди” деб нолиб юриш ўрнига, шукроналик қилиш мақбул, бу сизни янги ғалабалар сари етаклаши аниқ...

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.