«Щёлково Агрохим – Ўзбекистон» Россия–Ўзбекистон қўшма корхонаси ўз фаолиятини бошлади
Мазкур корхона «Ургут» эркин иқтисодий зонасининг «Сазағон» массиви ҳудудида жойлашган.
Корхонанинг лойиҳа қиймати 31 млн АҚШ доллари миқдорида бўлиб, қурилиш-монтаж ишлари 2018 йилда бошланган. Завод қурилиши учун Нуробод тумани «Сазағон» массивидан 5,3 гектар ер майдони ажратилиб, заводнинг барча маъмурий ва ишлаб чиқариш цехи ва бошқа ёрдамчи бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Корхонада Заводда тамоман янги компонентларга эга бўлган, ўзгача шакл ва кўринишдаги Давлат кимё комиссияси томонидан мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги экинларига қўллаш учун рухсат этилган «Щёлково Агрохим» АЖ олим ва мутахассислари томонидан яратилган 50 га яқин замонавий ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ишлаб чиқарилади. Бу ерда 100 та янги иш ўрни яратилган.
Корхона ўз фаолиятининг биринчи йилида 20 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқаради ва унинг 20 фоизи экспорт қилинади. Маҳсулотлар Туркия, Миср, Эрон, Жазоир, Марокаш, Афғонистон ва Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига етказиб берилиши режалаштирилган.
Бугунга қадар бундай инновацион маҳсулотнинг муқобили Ўзбекистон ва яқин хорижий мамлакатларда мавжуд эмас эди. Нафақат қишлоқ хўжалиги экинлари, балки атрофимизни яшилликка буркаб турган ўт-ўландан тортиб дов-дарахтларгача ҳимоялаш бугун бевосита ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасининг улкан вазифаси бўлиб келмоқда. Бугунда мана шундай йирик иншоотнинг иш бошлагани эса айни муддао бўлди. Келгусида ушбу корхона томонидан ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоялаш воситаларининг ишлаб чиқарилиши фермер ва деҳқонларимиз юмушларини енгиллаштиради.
Шунингдек, завод қошида энг замонавий нанотехнологиялар билан жиҳозланган лаборатория ҳам барпо этилиб, бу ерда вилоятимиздаги олий ўқув юртларининг ўсимликлар ҳимояси, агротехнологиялари ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабалар, аспирантлар, тадқиқотчилар ва докторантларнинг турли хил тажриба-синовлар, илмий изланишлар олиб бориши учун керакли шарт-шароитлар яратилган. Онлайн тартибда Россия Федерациясининг ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш масалалари билан шуғулланувчи етакчи олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари билан амалий машғулотлар уюштирилади.
Самарқанд вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ахборот хизмати.