Сингапурда 20 йилда биринчи марта аёл қатл этилди
Сингапур ҳукумати қарийб 20 йил ичида биринчи марта гиёҳванд моддаларни сотиш мақсадида сақлаганликда айбланган аёлга нисбатан ўлим жазосини ижро этди. Бу ҳақда Сингапур Наркотиклар марказий бюроси хабарида айтилади.
Саридеви Жамоний 2016 йилда ҳибсга олинган эди. Текшириш чоғида унинг ёнидан 30 грамм героин топилган. 2018 йил июль ойида суд уни ўлимга ҳукм қилган. Апелляция ўтган йили рад этилган.
Бугун, 28 июлда Жамоний осилган.
Бюронинг таъкидлашича, “ўлим жазоси нафақат гиёҳвандлар, балки уларнинг оила аъзолари ва бутун жамиятга жиддий зарар етказиши мумкин бўлган катта миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши каби ўта оғир жиноятлар учун қўлланилади"
2004 йилда 36 ёшли яна бир аёл - Йен Мэй Воен гиёҳванд моддалар сотгани туфайли осиб ўлдирилган.
Ўтган йилнинг март ойидан буён мамлакатда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ айбловлар билан 16 киши қатл этилган. Ҳукумат ўлим жазосини қўллаш гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашда самарали восита, деб ҳисоблайди.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил экспертлари Сингапур ҳукуматини зудлик билан ўлим жазосига мораторий жорий этишга чақирмоқда.