Сиёсий шарҳ: Тузоқ
Тарихдан яхши маълумки, дунёдаги йирик мамлакатларда содир бўладиган аҳамиятли ички воқеалар бутунжаҳон сиёсий иқлимига катта таъсир ўтказади. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Шу йил куз ойларида АҚШ ва Россияда бўлиб ўтилиши кутилаётган парламент сайловлари ҳам бундан мустасно эмас.
Қўшалоқ сайловлар
Аниқ ишонч билан айтиш мумкинки, 20сентябрда Россияда ўтказиладиган сайловларнинг натижаси аллақачон ҳал бўлган кўринади. Катта ёшдаги кишиларнинг ёдида бўлса, шўро даврида сайловлар нисбий тушунча бўлиб, хўжакўрсинга ўтказилар эди. Тепадан тайинланган номзодларга сайловчилар шунчаки овоз берган бўлиб қўя қолишарди. Ушбу анъана собиқ иттифоқнинг айрим республикаларида ҳозиргача давом этиб келмоқда.
Россияда Горбачёв ва Ельциннинг раҳбарлик даврида сайловлар бирмунча эркинлашганди, бироқ консерватив ўнг фирқаларнинг саъй-ҳаракатлари билан эски арава яна ўзининг аввалги изига туширилди. Масалан, яқинда Россия Давлат Думасига ўтказиладиган сайловларда мамлакатдаги ягона мухолифотчи Либерал-демократик «Яблоко» партияси номзодлари рўйхатга олинмайдиган бўлди. Сабаби: улар хориждан ноқонуний молиялаштирилган эмиш. Дарҳақиқат, фирқанинг кўпгина фаол аъзолари ҳозирда мухолифатда бўлиб, аъзолик бадалларини хориждан туриб жўнатган бўлишлари мумкин. Аммо, бизнинг назаримизда, «Яблоко» аъзоларининг чеклаб қўйилишига асосий сабаб бу эмас.
Маълумки, ушбу партия бошиданоқ рус-украин урушига қарши туриб келмоқда. Шу кунларда ҳам улар Путинни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, сулҳ тузишга даъват этишмоқда. Бироқ уларнинг эзгу ҳаракатлари ғалаба ишқида ёнаётган уруш тарафдорлари ва шахсан Путинга мутлақо ёқмаяпти. Нега десангиз, урушни тўхтатиш ҳозирда рус империалистлари учун аниқ мағлубият бўлиб туюлмоқда. Улар урушни охирги мантиқий якунигача давом эттиришга қатъий бел боғлаган. Кремль назарида Донецк вилояти батамом забт этилса, ана ўшанда сулҳ ҳақида гапириш мумкин.
Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, рус маъмурлари ҳали тўлиқ забт этилмаган Запорожье ва Николаев областлариниям Россия Конституциясига киритиб қўйишибди. Демак, бўлғуси музокараларда ана шу ҳудудлар масаласи ҳам кун тартибида бўлиши аниқ. Ҳолбуки, Украина томони бу шартларга мутлақо кўнмайди. Путин Трамп билан бўлган яқин муносабатларига таяниб, украинларни босқинчилик шартларига кўндиришга уриниб кўриши мумкин, бироқ Эронда попуги пасайиб қолган Трамп учун бу иккинчи бир шармандалик бўлар эди. Бу эса кутилаётган Конгресснинг Вакиллар палатасига бўлғуси сайловда республикачилар партиясининг аниқ мағлубияти демакдир.
Гарчанд Россияда “Яблоко”чиларни сафдан чиқариш орқали сайлов тақдири ҳал қилинган эса-да, америкаликларда тартиб сал ўзгача. Трамп Америкадан демократияни йўқ қилишга қанчалик уринмасин, у ерда либерал озодлик таомиллари шунчалик чуқур илдиз отганки, уни йўқотишга ҳатто президентнинг ҳам кучи етмайди. Чунки АҚШ маънавий крепостной қулларнинг эмас, озод фуқароларнинг мамлакати ҳисобланади. Келгусида тартиб балки ўзгариши мумкин, аммо ҳозирча шундай. Бироқ бу энди абадий шундай бўлиб қолади дегани эмас.

Огоҳликка даъват
1787 йили Филадельфия шаҳрида АҚШ бош қомуси тасдиқланиб қабул қилинади. Конституцион конвенция ўз ишини якунлаб, АҚШ асосчиларидан бири Бенжамин Франклин мажлислар залидан чиқаётган чоғида шу шаҳарда яшовчи фуқаро - Элизабет Пауэлл деган аёл Франклинга савол беради:
- Доктор, бизда республика бўладими ёки монархиями?
Франклин унга шу заҳотиёқ жавоб беради:
- Республика! Агар сиз уни сақлай олсангиз!
Унинг ушбу жавобидан кўриниб турибдики, озодлик жуда мўрт тушунча. Қомусни, қонунларни, ҳар хил тўғри қоидаларни қабул қилиш ҳали бу фақатгина бошланиши, холос. Унинг аёлга «сиз» деб мурожаат қилишида ҳам чуқур маъно бор. Республика тузуми вазият абадий шундай бўлиб қолишига кафолат бермайди. Унинг сақлаб қолиниши халқдан фаоллик ва доноликни талаб қилади.
Шу маънода Россия Федерациясида «Яблоко» партиясининг сайлов тизимидан чиқариб ташланиши мамлакатда республика бошқарувининг ниҳоясига етганлиги ва давлат батамом автократлар қўлига ўтганини англатади. Аслида, бу жараён ҳали Путин ҳокимият тепасига келмасидан анча илгари бошланганди. 1996 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловида компартия раҳбари Зюгановнинг қўли баланд келишини сезган олигархлар турли воситаларни ишга солди, давлат раҳбари Ельцин ҳам қайта сайланиш учун шўро даврида синовдан ўтган маъмурий дастаклардан фойдаланди ва оқибат сохта бўлса-да, ютиб чиқди.
Баъзилар нега у ҳокимиятни ўз ихтиёри билан Путинга топширди, дея ажабланади. Сабаби яна ўша: қайта сайланишидан умиди сўниб, ҳафсаласи пир бўлган эди. Аксинча бўлганида, ҳар йўл билан ҳокимиятни сақлаб қолиши мумкин эди. Ҳокимият тепасига Владимир Путин келгач, қадам-бақадам демократик институтлар илдизини қурита бошлади. Дастлаб либерал ОАВлар йўқ қилинди. 2022 йилда аранг жон сақлаб турган охирги эркин радиоовоз -«Эхо Москвы» ҳам ўчирилди. 2026 йилга келиб интернет, телеграм ва бошқа шу сингари ижтимоий тармоқларнинг фаолияти чекланди. Ва ниҳоят, демократиянинг сўнгги умиди, ягона демократик партия сайловдан четлатилди.
Сабаби: шу пайтгача бу фирқа маргинал гуруҳ ҳисобланиб, демократиядан ҳафсалалари пир бўлган россияликлар унга деярли эътибор беришмас, сайловларда ҳам унинг номзодлари арзимаган овоз тўплар эди. Уруш авж олиб, эшикларидан мўралаган россияликлар бирдан шундай партия борлигини эслаб қолишди.
Ана шу жойда Бенжамин Франклиннинг айтган фикри тамоман исботланди. Агар россияликлар аввал бошдан демократик партияларни қўллаганларида эди, вазият тамоман бошқача бўларди. Балки бугунги лаънати уруш ҳам бошланмасди, деб ўйлайман. Улар газ ва нефтдан келаётган мўмай долларларга, Қримнинг жангсиз эгалланишига алданиб қолишди.
Мана, ана энди миллатчи популистик партиялар чуқур илдиз отиб, қуюшқондан чиқиб, халқ бошига беҳисоб қайғу ва кулфатлар келтира бошлагач, Россия фуқароларининг кўзи очила бормоқда. Бироқ энди кеч, империалистик миллатчи кучларга тинч йўл билан бас келиб бўлмайди. Россияга энди яна янги ислоҳотчилар, инқилобчилар керак. Афсуски, уларни қайтадан атайлаб етиштириб бўлмайди.
Эндиликда Кремль ҳалокатли танлов остонасида турибди. Ё хитойлик катта оғанинг йўриғига юриб, урушни тўхтатиш ёки халқаро майдонда мутлақо яккаланиб қолишига тўғри келади. Чунки БМТ Бош Ассамблеясининг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида Хитой Халқ Республикаси вакили Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиб, Москвадан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилди. Бу худди Путиннинг бошига бир челак совуқ сув ағдарилгандек бўлди.
Россиялик уруш тарафдорлари эса Путиндан урушни давом эттиришни, керак бўлса, ядро қуролини ишга солишни талаб қилишмоқда. Чорасиз Путин икки ўт орасида, боши берк кўчага кириб қолган одамдек бўлиб қолди. Ушбу ҳангомалардан ўзини бир четга олиб кузатувчи бўлиб турган Хитой энг манфаатдор томон бўлиб чиқмоқда.
Негаки, мабодо урушда Россиянинг қўли баланд келиб, Америка ва Европани заифлаштирса, «осмоности мамлакати» бирйўла иккита рақобатчисидан қутулади. Агар Европа ва Америкага суяниб уришаётган Украина ғолиб чиқса, Россия Хитойнинг чинакам хомашё омборига айланади. Ҳар икки ҳолатда ҳам уруш Хитой фойдасига якунланади.
Бироқ уни аччиқ ичакдек чўзилиб кетишидан ҳеч ким манфаатдор эмас, ҳатто урушни бошлаган Москва ҳам. Россияда Путиннинг обрўси кескин тушиб кетаётганлиги кўриниб турибди. Ҳозир халқнинг учдан икки қисми урушга қарши чиқмоқда. Явлинский партиясининг сайловдан четлаштирилиши бош сабаби ҳам шунга бориб тақалади.
Келажакда давлат думасида тинчликпарвар депутатларнинг пайдо бўлиши рус сиёсий-иқтисодий элитасини чўчитиб қўймоқда. Сиёсатчилар халқ назарида бебурд бўлишдан қўрқаётган бўлсалар, олигарх-бизнесменлар давлат томонидан берилаётган мўмай ҳарбий буюртмалардан маҳрум бўлишни истамаяптилар.

Арес бандалари
Яқинда 2007 йилда бўлиб ўтган тарихий Мюнхен саммити ва ундан кейин ўтказилган матбуот анжумани материаллари билан қайта танишиб чиқдим. Матбуот конференциясида журналистлардан бири Путинга қуйидаги саволни берди:
- Жаноб президент, сиз бир қутбли дунёга қарши чиқиб, унинг кўп қутбли бўлишини истаяпсиз, унда нега мамлакатингиздаги сиёсий партиялар бир қутбли?
Путин бунга жавобан, Россиядаги сиёсий фирқалар бир хил эмаслиги, масалан, коммунистлар билан либераллар бир-биридан катта фарқ қилиши ҳақида батафсил гапириб берди. Аммо кейинчалик вақт шуни кўрсатиб бердики, тизимдаги фирқалар ташқи ранг-баранглигига қарамай, моҳиятан бир хил экан. Бугун уларнинг барчаси «Яблоко» партиясига қарши умумий фронт атрофида бирлашди.
Шу ўринда бу партия ҳақида қисқача маълумот бериб ўтишга тўғри келади. Унинг «яблоко» (олма) деб аталишига бу меванинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида сиёсий майдонга чиққан бу фирқанинг асосчиси Григорий Явлинский 1952 йилда Украинанинг Львов шаҳрида туғилган. Отаси рус миллатига мансуб, онаси эса украиналик яҳудийлардан бўлиб, Явлинский ўзини рус миллатига мансуб деб ҳисоблайди. Ўша даврда партиянинг номи «Явлинский блоки» дея номланиб, кейинчалик қисқартирилиб, «Яблоко» номи билан машҳур бўлиб кетди.
“Яблоко”чилар либерал-демократик кўз-қарашдаги фуқаролар ва зиёлилардан иборат бўлиб, мамлакатда ғарб андозасидаги демократик тузум ўрнатилиши тарафдорларидирлар. Шу пайтгача уларнинг Россия сиёсий ҳаётидаги ўрни унчалик катта бўлмай, кейинги пайтларда обрўси кескин кўтарилиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби: партия урушга қарши ташвиқот олиб бориб, тобора халқ мойиллигига сазовор бўлмоқда.
Агар олди олинмаса, эрта Давлат Думасига бўлажак сайловда демократларнинг кўпчилик овоз олиб қўйиш эҳтимоли расмийларни чинакамига чўчитиб қўйди ва улар “Яблоко”га қарши жиддий оёққа турдилар. Сабаби: юқорида ёзганимиздек, рус элитаси орасида урушнинг давом этишини астойдил истайдиган одамлар беҳисоб. Чунки уларнинг бошида уруш худосининг бандаси Владимир Путин турибди.
Қадимий юнон мифологиясида шафқатсиз ва қонхўр Арес (қадимий Римда Марс) тимсоли бор. У ўн икки олимп худоларидан бири бўлиб, Зевс ва Геранинг ўғли дейилади. У оқил ва донишманд Афинадан фарқ қилиб, ўта баджаҳллиги ва бешафқатлиги билан донг таратган. Арес жанг шиддатини, ярадорларнинг оҳу-ноласини ва қотиллик завқини жуда ёқтирган. Шу боис уни ҳатто ўз отаси Зевс ҳам ёмон кўрган.
Ареснинг икки ёнида Фобос (Қўрқув) ва Деймос (Даҳшат) исмли ўғиллари бўлган. Уларга Эрида (Адоват) номли сингиллари мадад бериб турган.
Шубҳасиз, бизнинг замонамизда ҳам Ареснинг ожиз бандалари учраб туради. Улардан бири Украинада, иккинчиси Эронда катта жанжал чиқариб, ана энди бу қонли урушларни тўхтатолмай боши гаранг. Давом эттирай деса, кундан кунга тинка мадори қуриб бормоқда. Тўхтатай деса, худосига шак келтирган бўлади.
Афсонавий ривоятлар ўз йўлида-ю, ҳозир Трампнинг ҳам, Путиннинг ҳам ҳолатига ҳавас қилиб бўлмайди. Улар ўзи қўйган тузоққа тушиб қолди. Ундан бош чиқаришнинг сира иложи йўқ, тузоқ сиртмоғи тобора қисиб бормоқда. Бунинг сабаблари ҳақида насиб қилса, келгуси мақолаларимиздан бирида тўхталиб ўтамиз.
Худойберди Комилов,
сиёсий шарҳловчи.