Сиз ҳеч нарса қилмаётган пайтингизда миянгиз нима билан банд бўлади?

Ҳатто биз ҳаракатсиз бўлган пайтимизда ҳам мия ишлашда давом этади. У шунчаки хотираларни сақлабгина қолмасдан уларни тартибга солади, келажак воқеаларнинг боришини бошқалардан олдин башорат қилади ва юзага келиши мумкин бўлган воқеаларга муносабатини “машқ қилади”.

Ушбу ҳодиса Маурицио Корбетта бошчилигида Падуа университети ва Венеция молекуляр тиббиёт институти (Vimm) олимлари  томонидан ўрганилди.

Хўш, мия қандай машқ қилади?

Neuron журналида чоп этилган биринчи тадқиқот қуртлардан приматларгача бўлган маълумотларни таҳлил қилди. Тадқиқотчилар мия фаол ишлаган пайтида бўлгани каби дам олиш пайтида ҳам худди шундай нейрон андазаларини ишлаб чиқаришини аниқлашди.

 “Бизнинг миямиз ўтмишда содир бўлган ҳодисаларнинг жонли архивидир. Ҳатто тинч ҳолатда ҳам, юзларни таниб олиш учун масъул бўлган ҳудудлар ҳақиқий алоқа қилаётганда содир бўлаётгани каби фаол бўлиб қолади”, - тушунтиради тадқиқот координатори Маурицио Корбетта.

Бу механизм гўё келажакдаги воқеалар сценарийлари «ёқиб қўйиб», уларга олдиндан тайёргарлик кўриб, маълумотларни тузишга ёрдам беради.

Одат рефлексга айланганда...

Иккинчи тадқиқотдаги ҳаракатга келтирувчи тизим ўрганилганда фаол ҳолатда бўлганидек, дам олиш пайтида мия бир хил (масалан, қўлни очиш ва ёпиш) нейрон андазаларини такрорлаб туриши аниқланди.

 “Мия онгсиз равишда имтиҳон олдидан материални қайта ва қайта такрорлайдиган талабага ўхшайди", таъкидлайди Корбетта.

Шу тарзда дам олиш даврлари беҳуда ўтмайди: бу давр давомида мия одатий ҳаракатларни маҳкам биркитиб қўйиб, янги қийинчиликларга тайёргарлик кўради.

Тиббиётга бунинг фойдаси борми?

Ушбу механизмларни тушуниш неврологик касалликларни даволашдаги ютуқларга олиб келиши мумкин. Мисол учун, мия қандай  қилиб дам олиш пайтида нейрон нақшларни ишлаб чиқаришини тушуниб олиш инсульт ва асаб тизими шикастланишларидан сўнг тикланишининг янги усулларини ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Демак, биз ҳеч нарса қилмаётган бўлсак ҳам, миямиз ишлашда давом этади: у келажакка тайёрланади, таҳлил қилади, башорат қилади ва мукаммаллашиб бораверади.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.