Смартфон самарали воситами ёки чалғитувчи омил?

Смартфонлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Чунки улар ёрдамида дўстларимиз билан мулоқот қиляпмиз, ижтимоий тармоқлар воситачилигида дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалар, янгиликлардан бохабар бўляпмиз, кўнгилочар контентларни томоша қиляпмиз. Шунинг баробарида смартфонлар таълим соҳасида ҳам катта имкониятлар эшигини очмоқда. Онлайн курслар, таълим иловалари, аудио ва видео дарслар, электрон китоблар бизга билим беряпти, онгимиз, дунёқарашимизни шакллантирмоқда.
Масалан, онлайн дарслар орқали математика ёки физика фанларидан машғулот ўтказиш, электрон тестлар ечиш, мутахассисларнинг маърузаларини тинглаш мумкин. Хусусан, чет тилларини ўрганишда смартфонлар айниқса самарали восита бўлиб хизмат қилмоқда. Мобиль иловалар орқали луғат бойлигимиз, тинглаш кўникмамиз ошяпти.
Бироқ таълим жараёнларида смартфонлардан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари ҳам кузатиляпти. Масалан, дарс пайтида диққатни чалғитувчи иловалардан фойдаланиш, ўйинларга берилиб кетиш ёки ижтимоий тармоқларда вақтни беҳуда ўтказиш ўқиш самарадорлигини пасайтирмоқда. Бундан ташқари, хато маълумотларга дуч келиш, виртуал дунёга ҳаддан зиёд берилган ҳолда реал ҳаётдан узилиш хавфлари ҳам мавжуд.
Шунинг учун, смартфонлардан фойдаланишда мақсадни аниқ белгилаб олиш, вақти-вақти билан назорат қилиш ва фақат ишончли манбалардан маълумот олиш муҳим аҳамиятга эга. Ўқувчилар ва ота-оналар ушбу масалага жиддий ёндашиши, таълимда смартфондан унумли фойдаланиш йўлларини қидириши лозим.
Малика АБРУЕВА,
СамДЧТИ ўқитувчиси.