Смартфондан эҳтиёт бўлинг! Ота-оналарнинг ўқишини тавсия этамиз
Компьютер технологиялари асрида болаларнинг гаджетларга боғланиб қолаётгани катта муаммолардан бирига айланди. Кўпчилик ота-оналар фарзандларидан вақтинча “қутулиш” учун уларнинг қўлларига смартфон тутқазиб қуяётгани гувоҳи бўляпмиз.
Болалар қизиқарли ўйинларга бой, турли мультфильмлар кўришнинг имкони бўлган смартфонни қўлларига олишгач, ортиқча овоз чиқармасдан, жимгина телефон билан овуниб қолишади. Бироқ уларнинг қўлларидан бу “овунчоқ”ни олиб қўйишингиз билан жанжал бошланади. Кейин ота-оналар нима сабабдан фарзандлари жиззаки бўлиб улғайишаётганига ҳайрон ҳам бўлади.
Бола уч ёшгача бўлган даврда смартфонлар билан эмас, ота-онаси, бобо-бувиси ва бошқа оила аъзолари билан иложи борича, кўпроқ мулоқотга киришиши зарур. Чунки бу даврда боланинг дастлабки тушунчалари, мия фаолияти, сўз бойлиги ва бошқа руҳий ва жисмоний хислатлари шаклланади.
Зарарли радиотўлқинлар
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Саратон хасталигини ўрганиш халқаро агентлиги 2011 йилда мобил телефонлар ва бошқа симсиз ускуналар тарқатаётган радиотўлқинларни яширин канцерогенлар (саратонга олиб келадиган атроф-муҳит омили) қаторига киритишди. Шуни инобатга олиш керакки, ёш болаларда атроф-муҳитнинг турли зарарли таъсирига сезувчанлик юқори, мия фаолияти ва иммун тизими тўлиқ ривожланмаган бўлади.
Мия ривожланишига таъсири
Янги туғилган чақалоқнинг мияси икки ёшгача 3 баробар каттаради ва бола 21 ёшга киргунича ривожланишда давом этади. Боланинг дастлабки йиллардаги мия ривожланиши атроф-муҳитнинг ёмон таъсир қилувчи омиллари ёки уларнинг йўқлиги билан белгиланади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, гаджетлар таъсирида мия фаолиятини зўриқтириш, фикрлаш ва ўрганишдаги кечикишларга, жаҳлдорликка, ўз-ўзини бошқариш қобилиятининг пасайишига олиб келади.
Жисмоний ва руҳий ривожланишда ортда қолиш
Қўлда планшет ёки смартфон билан қимирламай ўтириш кам ҳаракатчанликка сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида, жисмоний ва руҳий ривожланишдан ортда қолишга олиб келиши мумкин. Мазкур муаммо АҚШда яққол кўзга ташланмоқда. У ерда ҳар учинчи бола руҳий ёки жисмоний ривожланишда ортда қолган ҳолда биринчи синфга боряпти. Бу ҳолат унинг билим олишига яққол таъсир ўтказмоқда.
Жисмоний фаоллик жисмоний куч билан бирга ақлий фаолиятни ҳам яхшилайди ва болага диққатини жамлашга, ўрганишга ва ўрганганларини ҳаётга татбиқ этишга ёрдам беради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёш болалар томонидан электрон техникаларнинг қўлланилиши уларнинг ривожланишига ва билим олишига салбий таъсир қилади.
Семизлик
Компьютер ўйинлари ва видеоларга муккасидан кетган болаларда ортиқча вазнлик ҳолати 30 фоиз кўп учрайди. Бугун ҳар тўртинчи ёш канадалик ва ҳар учинчи ўсмир америкалик ортиқча вазндан азият чекмоқда. Бундан ташқари, уларнинг 30 фоизига қандли диабет ташхиси қўйилган.
Семизликдан азият чекаётган болаларга уларнинг ҳаётини кескин қисқартириб юборишга сабаб бўладиган эрта инсульт ва юрак хуружи каби оқибатлар доимий равишда хавф солади. Мутахассислар, ота-оналарни фарзандлари вазнларини кузатишга ва болаларга компьютер ва смартфонлардан камроқ фойдаланишларини назорат қилишга чақириб бонг урмоқда. XXI асрнинг дастлабки авлод вакиллари ўз ота-оналаридан олдинроқ вафот этишлари хавфи жуда юқори.
Статистик маълумотларга кўра, 60 фоиз америкалик ота-оналар фарзандлари турли гаджетлар билан қанча вақтларини ўтказишаётганларини умуман назорат қилмас экан. Бундан ташқари, Америкадаги ҳар 4 та оиланинг 3 тасида ота-оналар фарзандларига электрон ускуналарни ётоқларига олиб кетишига рухсат беришади. Телефон, планшет ва ноутбуклар таратаётган ёруғлик меъёрида ором олишга тўсқинлик қилади ва бу ҳолат уйқусизликка олиб келади. Мутахассислар уйқусизликни тўйиб овқатланмаслик билан бир турдаги зарарли омиллар қаторига қўйишади. Иккала ҳолат ҳам организмнинг кучсизланишига олиб келади. Ўз навбатида, кучсиз организмнинг турли касалликларга сезувчанлиги юқори бўлади.
Руҳий касалликлар
Интернетга боғланиб қолиш боланинг “ёввойи” бўлишига ва унда турли фобияларнинг (бирон нарсадан қўрқиш ҳолати - масалан, масхарабоздан, денгиздан, қоронғуликдан, баландликдан) ривожланишига олиб келади. Ушбу рўйхатни руҳий касалликларнинг кўплаб турлари билан тўлдириш мумкин: аутизм, мулоқот қилиш, фикрлаш қобилияти, жахлдорлик, омма орасида ўзини тутиш фаолиятининг бузилиши, реал ҳаётдан узилиш.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, канадалик болаларнинг олтитадан биттасида руҳий хасталик мавжуд. Мазкур хасталиклар кучли психотроп дори воситалари билан даволанади.
Тажовузкорлик
Телевизордаги ва компьютер ўйинларидаги ваҳшийликлар реал ҳаётда ўз ифодасини топади. Бола мияси тарбия ва ахлоқнинг тайёр намунасини ўйинлар ва видеолавҳалар орқали қабул қилиб, уни атрофидаги реал ҳаётда қўллай бошлайди.
Бу борада кўплаб мутахассислар деярли бир хил тўхтамга келишди: экрандаги зўравонликлар қисқа муддатли ва узоқ муддатли таассурот қолдиради. Бола онгига сингдирилган тажовузкорлик узоқ муддатдан кейин ҳам фаоллашиши мумкин.
Фикрни жамлаш
1 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларга гаджетлар таъсири улар етти ёшга етганда ҳам фикрини жамлаш муаммосини келтириб чиқариши мумкин. Фикрларини бир жойга жамлай олмайдиган болалар шунчаки, бирон нарсани эслаб қолиш ва таниб олиш имкониятидан маҳрум бўлади.
Реал ҳаётдан узоқлашиш
Электрон технологиялар уларга боғланиб қолган болаларнинг нафақат руҳиятига, ҳиссиётига таъсир қилади, балки уларни реал ҳаёт ҳақиқатлари олдида кучсиз қилиб қўяди.
Одатда виртуал оламда ўтган вақт болани фойдали кўникмага ўргатмайди. Бола ҳаётда виртуал ўйиндагидек омадли ва забардаст қаҳрамон бўла олмайди ва реал ҳаёт олдида ожиз қолади.
Бизнинг маслаҳатимиз
Бу ҳолатда ота-оналар нима қилиши зарур? Балки, бола қўлидан барча гаджетларни олиб қуйиб, унга интернетга киришни тақиқлаб қўйиш керакдир?
Бундай қилиб бўлмайди. Боланинг ота-онасидан жаҳли чиқади ва улар бола учун “душман”га айланади. Замонавий технологиялар – замонавий ҳаётнинг бир қисми. Болага смартфонлар (ноутбук, планшет ва ҳоказо) билан муомала қилишни ўргатиш керак. Бироқ жудаям кичкиналигидан эмас. Бир ёшли гўдакнинг қўлига смартфон тутқазиб қўйиш ярамайди. Бир ёшли гўдакни кўпроқ сайрга олиб чиқиш керак.
Боланинг қўлига смартфон тутқазиш вақтини чегаралаш зарур. Педиатрлар бутун оила учун смартфонлардан фойдаланиш вақтини белгилашни маслаҳат беради.
Масалан, кечки овқатдан сўнг икки соат давомида гаджетлардан фойдаланиш мумкин эмас. Ёки уйнинг бирон бир ҳудудида гаджетлардан фойдаланишни тақиқлаш – масалан, меҳмонхонада, ошхонада ёки ётоқхонада.
Уйқудан бир соат олдин болаларга смартфонлардан фойдаланишни тақиқлаш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун ота-оналар ўзларига ҳам мазкур тақиқни жорий этиши зарур. Бу тақиқ ота-оналарга ҳам фойда беришига ишончимиз комил.
Технологиялар асрида ота-оналар ўзлари ва фарзандлари учун қиладиган энг маъқул иш – “гаджетларсиз вақт”ни жорий этишидир. Маълум вақтга смартфон, планшет ва ноутбукларни бир четга қўйиб, ўзаро самимий суҳбат қуриш, фарзандлар билан турли жисмоний ўйинлар ўйнаш, ҳақиқий оила бўлиб яшаш керак.
Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.