Солиқ ходими чўкаётган болани қутқарди

Жорий йилнинг 22 ноябрь куни 15:30 лар атрофида Бухоро вилояти Ромитан тумани давлат солиқ инспекцияси инспектори Суннат Жумаев ҳамкасби Хусниддин Хайриддинов билан туманнинг Алишер Навоий маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига жисмоний шахсларнинг солиқ қарзини ундириш учун боради.

ДСИ ходимлари «Хайробод» канали ёнидан ўтиб кетаётганларида чўкаётган ёш болани кўриб қоладилар. Суннат Жумаев зудлик билан машинани тўхтатиб, ҳеч иккиланмай ёрдам бериш мақсадида ўзини сувга отади. Ҳаво ҳарорати 2 даража совуқ бўлишига қарамай, Суннат Жумаев чўкаётган болани қутқариш учун музли сувга шўнғийди.

Болани қирғоққа олиб чиқади, совқотган бўлса-да, бола ҳали тирик эди. Канал атрофида йиғилган аҳоли вакиллари болани таниб, зудлик билан кийимини алмаштириш ва исиниб олиши учун уйига олиб кетадилар.

Аниқланишича, қутқариб қолинган бола Шаҳромбек Зарипов бўлиб, у Ромитан туманидаги 1-умумтаълим мактабининг 3-синфида ўқийди. Ўша куни у ўқишдан қайтаётган маҳал сув солинган идишини (термосини) тўсатдан каналга тушириб юборади.

Уни олиш илинжида бола тез оқаётган, паст ҳароратли сувга тушиб, тўғри ҳаракатлана олмайди. Шу вақтда солиқ ходими уни қутқариш учун ёрдамга ошиқади.

Шаҳромбекнинг яқинлари ўз фарзандининг ҳаётини сақлаб қолгани учун Суннат Жумаевга чексиз миннатдорчилик билдирди. Ҳозирда бола ўзини яхши ҳис қилиб, соғлиғига ҳеч қандай зарар етмаган.

Давлат солиқ қўмитасининг буйруғига асосан Суннат Жумаевга кўрсатган жонбозлиги учун солиқ хизматининг I даражали инспектори унвони навбатдан ташқари тақдим этилди.

Давлат солиқ хизмати ходимининг қаҳрамонларча хатти-ҳаракати чуқур ҳурмат ва эҳтиромга муносиб!