“Соч бир қарич, тил икки қарич...”
Яқинда шаҳар мактабларидан бирида ўтказилган ота-оналар йиғилишида таълим муассасаси раҳбари бир ўқувчини шундай таърифлади. Шунингдек, айрим юқори синф ўқувчиларининг мактаб тартиб-қоидаларига, миллийлигимизга мос келмайдиган кийимда келишини танқид қилди.
Ҳар гал ота-оналар йиғилишида қатнашганимда таклиф қилинганларнинг аксарияти келмаганига гувоҳ бўлардим. Бу сафар бошқачароқ бўлди. Мактаб фаоллар зали ота-оналар билан тўлди. Сабаби, уларни таклиф қилиш ҳам аввалгиларидан кучлироқ таъсирга эга эди: “Фарзандингизнинг ўқишига, хулқига, келажагига эътиборсиз ота-она бўлмасангиз, албатта, йиғилишда қатнашинг!”.
- Тўғри, бугун йиғилишга таклиф қилинганларнинг аксарияти келди, - деди ўзини 10-синф раҳбари деб таништирган устоз. – Аммо барибир кўп дарс қолдирадиган, мактаб тартиб-қоидаларига амал қилмайдиган, суст ўзлаштирадиган ўқувчилар ота-оналарининг кўпчилиги қатнашмади. Йиғилишдан сўнг бир онахон ёнимга келиб, ўзини таништирди. Унга набирасининг яхши ўқимаслиги, сочини ўстириб юриши, кийиниши ҳам талабга жавоб бермаслигини айтдим. Менинг гапларимни жимгина эшитиб турган онахон ёнида турган набирасига маъноли қараб қўйди. Йигит бошини эгиб, узр сўради. Яхши томонга ўзгаришини айтди.
Одатда бундай йиғилишларда хулқи яхши бўлмаган ўқувчилар тилга олинар, аъло баҳоларга ўқиётган, намунали ўқувчилар эътироф этилиб, ота-оналарига ташаккур билдириларди. Бу галги йиғилиш эса фақат танқидий руҳда ўтди.
- Фарзандига эътиборсиз бўлаётган ота-оналар огоҳлантирилиб, уларга ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтириляпти, - деди мактаб директори. – Шундай ота-оналар борки, фарзандининг юриш-туриши, ўқиши ҳақида маълумот олиш учун мактабга келиш у ёқда турсин, ўзимиз уйига борганимизда ҳам биз билан мулоқот қилишни истамайди. Мактаб - муқаддас даргоҳ. Ўқувчи бу ерга тўйга бораётгандек ҳолатда келмаслиги керак. Уларни назорат қилишга ҳар бир ота-она масъул. Кейинги пайтлар айрим битирувчиларнинг репетиторга қатнашни баҳона қилиб, кўп дарс қолдираётгани бор гап. Айримлари на репетиторга боради, на мактабга келади. Энди қўшимча тўгаракка эҳтиёжи бўлса, фақат дарсдан кейин қатнашиши мумкин. Болаларга тарбия беришда ота-она ва маҳалла фаолларига юзланамиз. Уларнинг тарбияси яхши бўлса бўлгани, сифатли таълим олишини эса бизга қўйиб берсин.
Кейинги йилларда аксарият ота-оналарнинг хаёлида бир фикр: “Мактабда олган билими билан фарзандим ўқишга кира олмайди”. Шунинг учун ҳам улар ўғил-қизларининг мактабни битиришига 2 ёки 3 йил қолганда қўшимча тўгаракларга қатнаши кераклиги эсига тушиб қолади. Фарзанди бошланғич синфни тугатгандан кейин мактаб билан ҳамкорликни йўлга қўйса, вақт топиб, ўқитувчиларнинг ҳам фаолиятини кузатиб борса, яхши натижаларга эришиш мумкин. Бу ҳам ўқувчининг, ҳам устозларнинг ўз устида ишлашига мажбур қилади. Яна бир гап, айнан бугунги кунда олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун репетиторга бориш ҳам шарт эмас. Ўқувчи мактабда ўтилаётган дарсларни яхши ўзлаштирса, тушунмаганларини дарснинг ўзида ёки мактабда ташкил этилган бепул тўгаракларда устозидан сўраб ўрганса ҳам мақсадга мувофиқ.
Йиғилишда “Соқоли бир қарич, тили икки қарич...” дея таърифланган ўқувчининг исм-фамилияси ўқилганда бир киши ўрнидан туриб:
- Унинг юзида тери касаллиги мавжуд, шунинг учун ҳам соқолини ололмаяпти, - деди, - тузалиши билан олади, албатта.
“Тили-чи?”, деган савол эса жавобсиз қолди.
Бир пайтлар кўчадан муаллим ўтаётган бўлса, ўқувчи унинг йўлини кесиб ўтмасди. Дарсдан кейин вақтини беҳуда ўтказаётган бола устозини кўриб қолса, “кўчада нима қилиб юрибсан”, деган саволга жавоб беролмаслигини билиб, ундан яширинишга ҳаракат қиларди. Бугун эса ўқитувчи ўқувчиларига тарбия беришга уринса, устозга нисбатан ҳурматсизлик қилиб, ҳар бир гапига бемаъни жавоб қайтарадиган тили “узун” ўғил-қизлар кўпчиликни ташкил этади.
- Киши фарзанди ҳақида кимдандир яхши гап эшитса, ўзини еттинчи осмонда сузиб юргандек ҳис қилади, - дейди йиғилиш иштирокчиларидан бири. – Аксинча бўлса-чи?! Бугун ер ёрилмади, кириб кетмадим. Тўғрисини айтишим керак, ҳаётимда биринчи марта ота-оналар йиғилишида қатнашишим. Иш, рўзғор ташвиши, деб фарзандимнинг ўқишига эътиборсиз бўлибман. Унинг ёлғонларига ишониб юрган эканман. Устозлар билан тез-тез боғланиб турганимда бугунгидек уялиб қолмаслигимни англаб етдим.
Маълумотларга кўра, вилоятимизда мунтазам дарс қолдирадиган 1283 нафар ўқувчи аниқланган. Ўтказилаётган ўрганишлар ва ота-оналар йиғилишлари вояга етмаганлар назоратсиз қолишининг олдини олишга хизмат қилади. Эътиборсиз қолган боладан эса яхшилик кутиш қийин. Биргина мисол, ўтган йили вилоятда 191 та жиноят вояга етмаганлар томонидан содир этилган. Уларнинг 60 фоизини ўғирлик ташкил этади.
Қайд этиш лозимки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) бўйича жавобгарлик белгиланган.
Унга кўра, болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилишига сабаб бўлади.
Тан олиш керак, “Мактаб - маҳалла - ота-она” ҳамкорлиги шу пайтга қадар ҳам мавжуд эди, аммо бу хўжакўрсинга бўлиб келган. Бугунги кунда бу масалага жиддий эътибор қаратиляпти. Эндиликда ўқувчиларнинг давомати билан фақат ўқитувчи шуғулланмайди. Мактаб раҳбарияти томонидан кўп дарс қолдирадиган ўқувчилар аниқланса, уларнинг ота-онасини огоҳлантириш ва керак бўлса, жазога тортилишида маҳалла фаоллари, тегишли орган ходимлари ҳамкорликда ишлайди.
Тўлқин Сиддиқов.