Сотиб олган маҳсулотингиз учун харид чеки олишни унутманг!
Ҳар биримиз кунлик эҳтиёжимиздан келиб чиқиб нимадир харид қиламиз. Тўловни нақд пул ёки банк пластик картаси орқали амалга оширамиз. Лекин кўпчилигимиз харид чекини олишни унутамиз.
Хўш, харид чеки нима учун зарур? Мисол учун, дўкондан 100 минг сўмга маҳсулот харид қилдингиз. Харид чекини талаб қилмаганлигингиз сабабли “тадбиркор” 4 минг сўм (4 фоиз) ягона солиқ тўловини яширишга эришади. Энди тасаввур қилинг, бир кунда қанча харидорларга, неча сўмлик харид чеклар берилмайди ва қанча солиқлар яширилади?
Ҳа айтгандай, Сиз ушбу олинмаган чек орқали олган маҳсулотингизга нисбатан эътирозингиз бўлса ёки сифатсиз чиқса алмаштириб олиш имконини ҳам йўқотган бўласиз. Харид чекини талаб қилиш орқали эса бюджетга тушумларнинг янада ошишини таъминлаб, яширин иқтисодиётнинг олдини оласиз.
Шундай экан, озгина вақтингизни қизғанмай харид чекини беришни талаб қилсангиз, сиздан кейин турган харидор ҳам сизга эргашади. Харид чекини олганингиздан сўнг, Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўтказилаётган ютуқли ўйинда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтказинг (Рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қуйидаги ҳавола орқали батафсил танишишингиз мумкин: https://soliq.uz/press-services/news/show/yutuqli-chek-oyinlari-).
Жорий йил январь ойида ўтказилган тиражда пайариқлик Иззатулла Раҳмонов велосипед, февраль ойидаги тиражда Самарқанд шаҳридан Азамат Ҳамроқулов мобил телефон, Амиржон Шаҳобиддинов 2 миллион сўм пул ютуғига эга бўлди.
Навбатдаги турда айнан Сиз рўйхатдан ўтказган харид чеки “Spark” автомобили эгасига айлантирар. Харид чеки олишни унутманг!
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.