Сотувда бор, мактабда йўқ ёхуд бошланғич синфларга бепул овқат, янги авлод дарсликлари берилдими?
Президентимиз 2023 йил 28 февралда “2022-2023-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга доир давлат дастури тўғрисида”ги фармонини имзолаган эди. Унда 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятларида ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилиши белгиланган. Бу ҳақда Президентимиз бир неча бор чиқишларида ҳам маълум қилганди. Хўш, бугун мактабларда бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат бериляптими?
Ушбу масала юзасидан Самарқанд шаҳридаги 45-, Самарқанд туманидаги 10- ва 16-умумий ўрта таълим мактабларида бўлдик. Бироқ ушбу мактабларда ҳали бошланғич синфларга бепул овқат берилмаётган экан. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан боғландик. Бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат берилиши учун Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқиши керак экан. Аммо ҳанузгача бу ҳақда ҳеч қандай буйруқ, қарор ёки топшириқ берилмабди. Вилоят бўйича умумий ўрта таълим мактабларида бошланғич синфларга бепул овқат бериш йўлга қўйилмаган.
Мактабларга янги дарсликлар тўлиқ етиб бордими?
Биз юқорида номлари келтирилган мактабларда янги авлод дарсликлари ҳақида ҳам суриштирдик. Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳридаги 45-умумий ўрта таълим мактабида 1-синфлар учун алифбе, математика, табиий фанлар, мусиқий саводхонлик, тасвирий санъат, тарбия, технология, информатика ва ахборот технологиялари фанларидан янги дарсликлар ва машқ дафтарлари келган. Инглиз тилидан эса ҳали дарслик берилмаган.
2-синфлар учун математика ва мусиқа, 3- ва 4-синфлар учун математика, ўзбек тили дарсликлари, ўқиш дафтари келган, холос. Қолган фанлардан янги авлод дарсликлари келмаган. Мактабда бошланғич синф ўқувчиларига эски дарсликлар берилган.
Мактабда жами ўқувчилар сони 2295 нафарни, мактаб коэффициенти 1,8 фоизни ташкил қилади. Янги ўқув йилида 1-синфга 175 нафар бола қабул қилинган. Ҳар бир синфда 35 нафардан ўқувчи ўқимоқда.
Самарқанд туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактабига 1-синфлар учун биринчи чоракликка мўлжалланган 14 жамланма дарслик берилган. Дарсликлар оғирлашиб кетмаслиги учун ҳар чоракка алоҳида китоб чиқарилган. Иккинчи, учинчи ва тўртинчи чораклик учун янги авлод дарсликлари ҳали етиб келмаган. Шунингдек, 1-синфларга инглиз тили дарслиги ҳам берилмаган.
2-синфларга математика, ўқиш, тасвирий санъат дарсликлари ва табиий фан, жисмоний тарбия фанларининг дафтарлари келган бўлса, 3-синфларга математика, табиий фан дарсликлари берилган, холос. 4-синфлар учун эса математика, она тили дарсликларининг биринчи қисми ва ўқиш саводхонлиги дарслиги келган. Ушбу мактабда ҳам болалар эски дарсликлар асосида таълим оляпти. Бундан ташқари, 8-синф рус гуруҳларига комплект дарсликлар етишмаяпти.
Айни кунда 3085 нафар ўқувчи таълим олаётган ушбу мактаб қуввати 2,7 фоиз коэффициентга эга. Мактаб директори Холида Шамсиддинованинг айтишича, мактаб ҳовлисидан 780 ўринли уч қаватли қўшимча бино қуриляпти. Режага кўра, жорий йил октябрь ойи охирида фойдаланишга топширилар экан. Шунда мактаб қуввати 1,7 фоиз коэффициентга тушади. Жорий йилда мактаб 1-синфига 357 нафар бола қабул қилинган.
Самарқанд туманидаги 16-умумий ўрта таълим мактабига 1-синфлар учун ўзбек ва рус гуруҳларига юқоридаги сингари биринчи чоракликка мўлжалланган янги авлод дарсликлари келган. Ўзбек гуруҳлар учун 2-, 3-, 4-синфларга атиги математика, ўқиш, жисмоний тарбия, табиий фан, тасвирий санъат дарсликлари берилган. 2-синфдан 4-синфгача бўлган рус гуруҳларига умуман янги авлод дарсликлари келмаган. Ушбу мактабга янги ўқув йилида 344 нафар бола 1-синфга қабул қилинган. Мактаб қуввати 1,6 фоиз коэффициентга эга бўлиб, жами 2009 нафар бола таълим олмоқда.
Сифатли таълим йилида янги авлод дарсликлари мактабларга тўлиқ етиб келмаганлигининг сабаби нимада? Бу ҳақда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг мактабларни китоблар билан таъминлаш бўйича масъул ходими Баҳодир Норқўзиевдан изоҳ сўрадик. Масъул ходим янги авлод дарсликларининг фақат биринчи чораклик учун чоп этилгани келганини, умумий ҳисобда ёмон натижа кўрсатишини айтиб, бу ҳақда маълумот беришни истамади.
Нега мактабда йўқ дарсликлар дўконларда сотиляпти?
Ота-оналардан бирининг айтишича, 1-синф инглиз тили дарслиги мактабларга берилмаган, аммо китоб дўконларида сотилмоқда экан. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Самарқанд шаҳри Мармар бозори атрофидаги китоб дўконларини кўздан кечирдик. Ҳақиқатда китоб дўконларида 1-синфдан 4-синфгача янги инглиз тили дарсликлари дафтари билан бирга 55-60 минг сўм атрофида сотилмоқда. Қизиқ, мактабларга етиб келмаган инглиз тили дарслиги қандай қилиб китоб дўконларида сотиляпти? Бунинг устига ушбу дарсликлар ўқувчиларга текин берилиши, ҳатто ижара пули олинмаслиги айтилганди. Дарсликда ёзилишича, китоб Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг Ўзбекистон баркамоллик учун таълим дастури ҳамкорлигида чоп этилган. Адади 694306 нусха бўлган дарслик Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани «Колорпак» МЧЖ босмахонасида чоп этилган. Сотувчи ушбу дарсликлар Тошкентдан келтирилишини айтди. Баъзи ота-оналар дарсликларни дўконлардан сотиб олмоқда.
Тўғри, таълим учун сармоя ажратишга оғринмаслик керак. Аммо аввал мактабларга бепул етказилиши керак бўлган дарсликлар нега китоб дўконларида бору, мактабларга етиб келмаган? Ҳатто китоб дўконида бошқа фанларга оид дарсликлар ҳам сотиляпти. Дарсликлар савдоси ҳам бизнесга айланиб кетдими?
Яна бир гап: эски дарслик асосида дарс ўтаётган ўқитувчилар янги дарсликлар келтирилгач, қанча дарс ўтган бўлса, ўша миқдорда дарсларни қолдириб, дарсини давом эттиришга мажбур. Акс ҳолда, ўқув йили якунига қадар янги дарсликдаги мавзуларни тугата олмайди. Аммо янги дарсликлар қачон келишини ҳам ҳеч ким билмайди. Янаям ачинарлиси, янги авлод дарсликларидаги мавзулар эски дарсликдагидан бутунлай фарқ қилади. Буни таълим тизими раҳбарлари ва масъул ходимлар билиши ва ушбу муаммонинг олдини олиши керак эди. Афсус...
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.
***
Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.