Дарсликлардаги мавзуларни болалар қандай қабул қиляпти? Китобларда хато борлиги ростми?

Республикамиздаги барча мактабларга янги авлод дарсликлари берилди. Бу ўқув йилида бошланғич синфлар янги дарсликлар асосида ўқитилмоқда. Янги авлод дарсликлари ҳақида ижтимоий тармоқларда ота-оналар томонидан норозиликлар билдирилди. Кимлардир дарсликдан хато топди, кимдир жуда мураккаблигини айтди ва ҳоказо.

Биз айни шу масалада бошланғич синф ўқитувчиларининг фикрлари билан қизиқдик.

Шаҳзода ОДИЛОВА, Каттақўрғон туманидаги 9-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси:

- 4-синфларга дарс беряпман. Ўқиш саводхонлиги ва она тили дарслигининг алоҳида ўтилаётгани яхши бўлди. Иккала дарслик ҳам болалар тушунадиган тарзда, содда, осон ёзилган. Она тилида энди қоидалар берилмайди дейишганди, аксинча от, сифат, сон, сўз туркумлари ҳақида алоҳида мавзулар берилган. Ушбу дарсликларни болалар қийналмасдан ўзлаштиряпти, фақат математика фани бироз мураккаб тузилган. Шунингдек, математика дарслигидаги машқларни дарс давомида ишлаб улгуролмаяпмиз. Қўшимча дарсдан кейин тўгарак ўтай десам, мактабда шароит йўқ, синфлар етишмайди. Шунинг учун қолиб кетаётган машқларни болалар билан кечқурун телеграмда чат орқали биргаликда ечяпмиз. Буни менга ҳеч ким айтгани ёки бунинг учун қўшимча иш ҳақи тўлаётгани йўқ. Виждоним қийналганидан шундай қиляпман. Дарсда математикадан 10-11 та машқ ишласак, қолганини чат орқали ечяпмиз, яъни китобда берилган машқларнинг барчасини ишлашга ҳаракат қиляпмиз. 

Табиий фан дарслиги ҳам қийин эмас, болалар яхши ўзлаштиряпти. Инглиз ва рус тилидан бошқа ўқитувчи дарс ўтади. Рус тили фани ўқитувчиси дарслик мураккаб эканини айтмоқда.

Дарсликдаги хатоларга келсак, кўпроқ математика фанида қўшиш (+) ўрнига айириш (-) берилган ҳолатларга дуч келяпмиз.

Янги авлод дарсликлари ҳақиқатда мураккаб тузилган. Болалар янги авлод дарсликларига тайёр бўлиши учун уларга боғчадан фикрлашга ўргатадиган машқлар ўтилиши керак. Тўғри, бу дарслик хорижий тажрибалар асосида тайёрланган. Аммо чет элликлар болага уч ёшидан, яъни боғчадан таълим-тарбия беришни бошлайди. Қишлоқ шароитида ҳамма бола ҳам боғчага бормайди. Боғчага бормаган бола 1-синфдан бундай дарсларни ўзлаштириб кетиши қийин.

Шунингдек, ота-оналар ҳам кечқурун боласи билан шуғулланиши, биргаликда дарс тайёрлаши лозим. Фарзандининг дарсларини текширадиган ота-оналарнинг боласи дарсга тайёр бўлиб келади. Ҳатто баъзилар ўтиладиган дарсни олдиндан ўқиб келади. Ота-онаси сериал кўриш билан машғул болалар эса чала-чулпа дарс қилади.

Бу йилги дарсликлар ҳар чорак учун алоҳида чиқарилган. Китоблар чораклик бошланганидан бир ҳафта ўтиб, кечикиб келяпти. Бу ҳам болаларга қийинчилик туғдиряпти. То дарслик етиб келгунига қадар биз китобнинг электрон нусхасидан фойдаланишга мажбур бўляпмиз.

Гулчеҳра ЭРГАШEВА, Тойлоқ туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси:

- Биринчи синфларга дарс бераман. Ўқувчиларимнинг деярли барчаси боғчага борган, фақат икки нафари бормаган. Улар ҳам дарсларни яхши ўзлаштиряпти. Бошида дарсларда қийналмадим, дарсликлар жуда яхши, осон тузилган экан. Аммо учинчи чоракликнинг дарсликлари келгач, математика фани бироз мураккаб тузилганига гувоҳ бўлдим. Энди болаларга қўшимча дарслар ўтяпман, дарсларни ўзлаштира олмаётган болалар билан дарсдан кейин алоҳида шуғулланяпман. Янги авлод дарслигидаги мавзуларни болаларга тўлиқ етказиб беришим учун ўз устимда ишлаяпман. Баъзи болалар математикадан уйга вазифани ота-онаси кўмагисиз мустақил ишлай олмаяпти. Яқинда учинчи синфда ўқийдиган жиянимнинг математикасини онаси ечиб бераётганини кўриб, танбеҳ бердим. Қариндошим “Нима қилай, боламнинг ўзи математикани ишлай олмаса”, деди. Эски дарсликларнинг афзаллиги шунда эдики, ундаги машқ ва масалаларни болаларнинг ўзи мустақил ишлай оларди.

Дарсликларда баъзи хатоларга ҳам дуч келяпмиз. Масалан, «Алифбо» китобида «Л» ҳарфи берилмаган. Шундай бўлса-да, бу ҳарфни ўтяпмиз. Она тили дарслигида топишмоқнинг жавоби тарвуз бўлиб, унга олтита катак қўйилиши керак. Китобда эса бешта катак берилган.

Дилфуза ИСОҚОВА, Самарқанд шаҳридаги 16-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси:

- Икки йил ўқиш саводхонлиги ва она тили фани бошланғич синфларга битта қилиб ўтилди. Бу йил ушбу фанлар алоҳида ўқитиляпти ва буларга алоҳида дарсликлар чоп этилган. Мана бу ўқитувчилар учун ҳам, ўқувчилар учун ҳам жуда қулай бўлди. Ўқиш саводхонлигида мантлар осон тузилган, бир-биридан қизиқ саволлар, бошқотирмалар берилгани бизга маъқул. Иккинчи ва учинчи синфларнинг ўтган йилги она тили фанида қоидалар йўқ эди. Бу йилги янги авлод дарсликларида қоидалар берилган. Аслида қоидасиз она тилини тушунтириш қийин. Мана шу муаммонинг олди олингани жуда яхши бўлибди. Аммо математика фани бироз мураккаб.

Бу йил тўртинчи синфларга дарс беряпман. Ўқув йили бошида ўқувчилар математика ечишга қийналди. Сабаби ўтган йилги математика дарслиги жуда осон эди. Математикадаги машқ ва масалалар ўқувчини ижодий фикрлашга ўргатади, шуниси билан бошида бизга қийиндек туюлди. Энди эса ҳаммаси изига тушди. Аслида янги авлод дарсликлари биринчи синфдан ўқитилиб борилса, тўртинчи синфда ўқувчилар қийналмайди.

Табиий фанлар дарслиги ҳам ўқувчиларни ўзига жалб қилади, ундаги мавзулар болалар учун қизиқарли ёритилган.

***

Юқоридаги фикрлардан кўринадики, янги авлод дарсликларидаги хатолар тузатилиб, вақтида мактабларга етказилса, боғча ёшиданоқ болаларга ижодий фикрлаш ўргатилса, бошқа муаммога ўрин қолмайди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА тайёрлади.