«Совғалар карвони» — мурғак қалбларга қувонч улашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг «Кўнгил кўзи» лойиҳаси доирасида ташкил этилган «Совғалар карвони» Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган давлат таълим муассасасига етиб келди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Манноб Ибодуллаев, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Озод Жангиров ва бошқалар сўзга чиқиб, Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббусини кенг ҳаётга татбиқ этиш, болаларнинг бошқа тенгдошларидан кам бўлмасдан билим олишлари, иқтидорларини намоён этишларига имконият яратишда ушбу эзгу саъй-ҳаракат муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.

Хайрия акция орзу-умидлари бир олам, иқтидорли ва истеъдодли ўқувчиларга чексиз шодлик улашгани, айниқса, Янги йил байрами олдидан уларга ҳақиқий байрам совғаси бўлганлигини қайд этишди.

«Кўнгил кўзи» лойиҳаси доирасида 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган давлат таълим муассасасига Брайл алифбосида чоп этилган босма ҳамда аудио китоблар, ўн турдаги йигирма донадан ортиқ чолғу асбоблари, қарийб йигирма турдаги замонавий спорт анжомлари ва бошқа зарур жиҳозлар совға қилинди. Бундан ташқари, ҳар хил ширинликлардан иборат Янги йил совғалари улашилди.

— Тақдим этилган совғалар туфайли ўқувчиларимизнинг спорт билан шуғулланиш, мусиқа асбоблари орқали истеъдодини шакллантириш имконияти кенгайди, — дейди муассаса директори Султон Бобоқулов. — Шу билан бирга, китоб мутолаа қилиш учун Брайл алифбосидаги адабиётларга ҳам эга бўлишди. Бу кўнгли кемтик бола учун қанчалик қувонч эканлигини бир сўз билан таърифлаш қийин. Лойиҳа ташаббускорларидан шу хайрли ишга бош-қош бўлганликлари учун миннатдормиз.

Абдуҳошим ЗИЁДОВ.