Қўшработнинг Чиммос маҳалласида “IT шаҳарча”

Бугунги ёш авлод рақамли технологияларсиз ҳаётини тасаввур қилолмайди. Уларнинг ҳар бир ҳатти- ҳаракати технологиялар билан боғлиқ. Ҳатто бир ёшга ҳам тўлмаган болалар бугун мобил телефонларни қандай бошқаришни яхши билади. Ҳа, бугунги болалар– ахборот асри болалари.

Афсуски, ҳар қандай янгиликдан тўғри ва оқилона фойдаланилсагина, у яхши натижа бериши, инсониятга наф келтириши мумкин. Акс холда унинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлиш эҳтимоли бор. Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда бугун ёшларни IT соҳасига тўғри йўналтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун ҳар бир ҳудудда ўқув марказлари очилиб, мутахассислар томонидан ўқув курслари ташкил этиляпти. 

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 15 майдаги “Ҳудудларда ёшларга рақамли технологиялар ва хорижий тилларни ўрганиш учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган “ IT шаҳарча”лар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳар бир вилоятда 1 тадан “IT шаҳарча”ларни ташкил этиш белгиланган.

Қарор асосида Самарқанд вилоятидаги олис Қўшработ туманининг Чиммос маҳалласи танлаб олинган эди. Куни кеча “Чиммос” МФЙ ҳудудида “IT шаҳарча”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Олиб борилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари натижасида 35 сотих бўш ва фойдаланилмаётган ер майдонида ёшларнинг IT ва хорижий тилларни ўрганиши учун барча шароитга эга “IT шаҳарча” ташкил этилди.

“IT шаҳарча”нинг расмий очилиш маросимида Рақамли технологиялар вазирининг ўринбосари Р.Каримжонов, Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Тўхтаев, Қўшработ тумани ҳокими Д.Шакарбоев, туман фаоллари ҳамда аҳоли ва ёшлар иштирок этди.

Мазкур IT шаҳарча замонавий технологиялар асосида жиҳозланган бўлиб, у ерда йилига 1000 нафарга яқин ёшлар дастурлаш, график дизайн, компьютер саводхонлиги каби соҳаларда чуқур билим олишади. Шунингдек, инглиз тили ва бошқа хорижий тилларни ҳам бепул ўрганиш имкониятига эга бўлади.

Н.Раҳмонова, ЎзА