Совуқ бизга қанча зарар келтирди? Мутахассислар совуқнинг зарарини ҳисоблаб чиқди
Февраль ойининг иккинчи ўн кунлигида ҳароратнинг кўтарилиши туфайли бодом, ўрик каби мевали дарахтлар гулга кирганди. Аммо 23-26 февраль кунлари мамлакатимизга Волга бўйи орқали Россиянинг Европа қисмидан совуқ ва нам ҳаво кириб келиши билан гуллаган дарахтларни совуқ урди.
Хўш, бу йилги ҳосил қандай бўлади?
Самарқанд вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассислари совуқнинг зарарини ҳисоблаб чиқди. Тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳозир вилоятимизда барча тоифадаги хўжаликларда 35 минг гектардан ортиқ боғ бор ва унинг қарийб 26 минг гектари ҳосилга кирган боғ ҳисобланади. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур боғ майдонларининг 2 498 гектари, яъни жами боғ майдонининг 10 фоизи совуқдан зарарланган. Совуқдан кўп зарар кўрган ҳудудлар Нуробод тумани (28 фоиз), Қўшработ тумани (22 фоиз), Нарпай тумани 15 фоизни ташкил қилади. Энг кам зарар эса Самарқанд, Булунғур туманлари (6 фоиздан), Оқдарё тумани (7 фоиз)да кузатилди.
Жумладан, ўрик майдонининг 45, шафтоли 14, олхўри 17, гилос 35, бодом 63 фоиз ҳосил зарарланган. Вилоятимиздаги фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида мавжуд 23,8 минг гектар боғнинг 8 фоизи, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида 11,1 минг гектар боғнинг 13 фоизи совуқ таъсирида зарар кўрган.
Мутахассисларнинг айтишича, очиқ майдондаги мевали дарахтлар кўп гулга кирмаганлиги туфайли совуқ катта зарар етказмаган. Бироқ аҳоли масканлари, томорқаларда жойлашган мевалар иссиқ кунларда эрта гуллаганлиги учун совуқ урган.
Ўктам Худойбердиев.