ССВ: Нодавлат тиббиёт ташкилотларига коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун берилган ҳуқуқ муддати узайтирилди

Тегишли ташкилотлар таклифини инобатга олган ҳолда, Республика махсус комиссияси қарорига кўра, нодавлат тиббиёт ташкилотларига шошилинч профилактика ва эпидемияга қарши чоралар кўрилишини талаб қилувчи юқумли касалликлар қаторига киритилган коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳуқуқи, истисно тариқасида, 2022 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.

📌 Шуни унутмаслик керакки, нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга хизмат кўрсатиш, коронавирус инфекциясига ПЗР ва экспресс-тест текширувлари ўтказиш фақатгина Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тегишли талаблар асосида амалга оширилади.

📌 Нодавлат тиббиёт ташкилотларига Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари билан тузадиган шартномаларига мувофиқ, даволаш ишларини амалга ошириш ва санитария қоидаларига риоя қилиш ҳамда тегишли ҳисоботларни мунтазам топшириб бориш вазифаси юклатилди.

✅ Нодавлат тиббиёт ташкилотларига коронавирус инфекцияси билан касалланган шахсларни даволаш ишларини www.bemor.ssv.uz дастурида  олиб бориш мажбурияти асосида амалга ошириш белгиланди, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабарида.