ССВ: Тошкент, Самарқанд ва Фарғонада Сингапур тажрибаси асосида аёллар репродуктив саломатлиги марказлари очилади
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, мамлакатимиз раҳбарининг Сингапурга давлат ташрифи асносида соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича эришилган келишувлар орасида юртимизда илғор тиббиёт муассасалари ташкил этишга доир қўшма лойиҳа ҳам бор.
- Давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, мамлакатимизда аёллар саломатлигини янада мустаҳкамлаш, соғлом болаларни дунёга келтириш, ногиронликнинг олдини олиш мақсадида бир қатор лойиҳаларни амалга оширамиз, - дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов. - Хусусан, “Virtus Health Singapore Pte., Ltd.” компанияси билан “Аёллар репродуктив саломатлиги: бепуштликнинг олдини олиш, генетик лабораторияни ривожлантириш, сунъий ҳомиладорлик” марказларини очиш бўйича истиқболли лойиҳани амалга оширамиз.
Мазкур компания 2002 йили Австралияда ташкил этилган бўлиб, репродуктив саломатлик хизматлари кўрсатиш кўлами бўйича дунёда 4-ўринда туради. Буюк Британия, Ирландия, Дания ва Сингапурда 7 та шифохонаси, 44 та репродуктив саломатлик клиникаси ва 54 та лаборатория маркази мавжуд.
Айни пайтда юртимизда бепуштликдан азият чекаётган оилалар кам эмаслиги ва уларнинг аксарияти ёш келин-куёвлар эканлигини инобатга олсак, бундай муассасаларга Ўзбекистонда ҳам эҳтиёж катта эканлиги аён бўлади.
Шу боис қўшма лойиҳа доирасида келгусида Тошкент шаҳар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари Перинатал муассасалари қошида ушбу хорижий компания тажрибаси асосида аёллар репродуктив саломатлиги бўйича марказлар фаолияти йўлга қўйилади.
Уларда бепуштликнинг олдини олиш, генетик лабораторияни ривожлантириш, сунъий ҳомиладорлик йўналишлари бўйича хотин-қизларга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатилиши режалаштирилган.