Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш жисмоний ва юридик шахсларга, суд органларига қандай енгилликлар беради?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрдаги қарорига биноан суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари белгилаб берилди.

Умуман, ўтган давр мобайнида судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори эса суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифаларини белгилаб бергани билан аҳамиятли бўлди.

Зеро, қарорга асосан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имконияти яратилади.

Шунингдек, энди судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинуви янада кенгайтирилади.

Бу борада махсус ахборот дастурлари жорий этилиб, шу орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланади.

Ўз навбатида, суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотларининг ахборот ва киберхавфсизлиги таъминланиб, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чоралар кучайтирилади.

Президентимиз қарорига биноан 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди.

Унда 2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш белгиланди.

Орадан етти ой ўтгач, яъни келаси йилнинг 1 июлидан апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш йўлга қўйилади. Қайсики, аппеляция ва кассация инстанцияларида ҳам ишни тақсимлашда инсон омилидан воз кечилади.

2021 йил 1 октябрдан барча иштирокчилар суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилинади.

Президентимиз имзолаган қарорда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали, авваламбор жисмоний ва юридик шахслар ўртасида судга бўлган ишонч ҳамда сарсонгарчиликнинг олдини олиш, одил судловни таъминлаш кўзда тутилган.

Фурқат АНАРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди судьяси.