Суд озодликка чиқарилган Қирғизистоннинг собиқ президентига нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартирди

Намойишчилар томонидан озодликка чиқарилган Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси суд томонидан уй қамоғига олиш чорасига ўзгартирилди. Бу ҳақда унинг адвокати Замир Жоошев маълум қилди.

“Алмазбек Атамбаев, Канат Сагимбаев, Равшан Жеенбеков ва бошқа судланувчилар Первомайск тумани судининг қарори асосида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонаси ва 1-тергов изоляторидан озодликка чиқарилди”, деб ёзди Жоошев ўзининг Facebook саҳифасида.

У имзо ва муҳр қўйилган, Бишкекнинг Первомайск тумани суди қарорини тақдим этди. Унда суднинг қамоққа олиш эҳтиёт чораси суд муҳокамаси давомида, яъни 2020 йилнинг 11 ноябригача уй қамоғига ўзгартирилишига қарор қилингани кўрсатилган.

Бундан ташқари, РИА Новости берган маълумотга кўра, Қирғизистонда бўлиб ўтган норозилик намойишларидан сўнг мухолифат, ўтган ҳафта якшанба куни ўтказилган парламент сайловлари натижаларини бекор қилинишига эришган. Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини ҳақиқий эмас, деб тан олган.