Судлар фаолияти сарҳисоб қилинди

Вилоят суди раиси ва судлов ҳайъати раислари иштирокида ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида жорий йилнинг олти ойида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборотлар берилди.
Табиийки, вилоят, туман, туманлараро (шаҳар) судлар томонидан одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ягона суд амалиётини шакллантириш борасида муайян ишлар амалга оширилган.
- Жорий йилнинг биринчи ярми давомида жиноят ишлари бўйича туман-шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда 40 минг 146 нафар шахсга нисбатан 35 минг 572 та жиноят ишлари, материаллар мазмунан кўриб тамомланган, - дейди вилоят суди раиси Олим Ҳайитов. - Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,9 фоизга ошган. Шундан 3634 шахсга нисбатан 2838 та жиноят иши кўрилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан шахс сони 402, иш сони эса 349 тага кўпайган.
Қайд қилинишича, иши кўриб тамомланган шахсларнинг 740 таси ёки 20,4 фоизининг иши ҳаракатдан тугатилган, шундан 711 таси ёки 19,6 фоизининг иши ярашув асосида тугатилган.
Жорий йилнинг ўтган даврида 35 марта умумлаштириш ўтказилган, 6 та тақдимнома чиқарилиб, тегишли корхона-ташкилотларга юборилган.
Судлов ҳайъатларида 18 марта раёсат йиғилишлари ўтказилган. Йиғилишларда йўл қўйилган хато ва камчиликлар муҳокама қилиниб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги юзасидан туман-шаҳар судларига тегишли кўрсатмалар берилган.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхонасидан судларга 2265 та келиб тушган. Шундан 2195 та мурожаат ўрганиб чиқилиб, 2135 тасининг муаллифларига тушунтиришлар берилган. Бундан ташқари, 58 та мурожаат ижобий ҳал қилинган ҳамда 2 та мурожаат тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотларга юборилган.
Вилоят, туман (шаҳар) судлари раислари ва судьялари шахсий қабулида 1531 та мурожаат рўйхатга олинган. Ушбу мурожаатларнинг 73 таси қаноатлантирилиб, 1456 таси юзасидан жисмоний ва юридик шахсларга тегишли тушунтиришлар берилган.
Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини доимий тарғиб қилиш, қонунчиликдаги янгиликларни шарҳлаш, судлар фаолиятинининг шаффофлигини таъминлаш борасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Матбуот анжумани давомида ҳам йиғилганларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.