Судья тарозисидаги кўринмас паллалар
Уларни саҳна ёки давраларнинг тўрида кўрмайсиз. Жамият олдидаги хизматларини пеш қилиб, алоҳида ҳурмат ёки эҳтиром ҳам талаб қилишмайди. Судья лавозимига лойиқлик мезонининг асосий шартларидан бири ҳам шу. Шунданми, барчамиз судья ким эканлигини биламиз-у судьялик қилиш масъулияти ҳақида тасаввурга эга эмасмиз.
Тажрибали ҳуқуқшунос, вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Фаррух Саматов билан ноодатий суҳбатимиз орқали судьялар ҳаёти ва фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини очиқлашга ҳаракат қилдик.
- Суҳбатни умумий саволдан бошласак. Сизнингча, бугунги кун судьяси ким?
- Дунёда касблар кўп ва уларнинг ҳар бирида ўзига яраша машаққат ва қийинчиликлар бор. Судьялик эса айни касбларнинг энг мураккаби ва ўз навбатида масъулиятлироғи деб ўйлайман. Сабаби, судьянинг фаолияти натижасида инсонлар тақдири ҳал бўлади. Буни англаш, ўзини тарбиялаб вояга етказган, билим ва мансаб берган халқи олдидаги жавобгарлик ҳиссини туйиш судьяликнинг бош мезони ҳисобланади.
Тўғри, судда барчани рози қилиб бўлмайди. Лекин судья ҳеч кимнинг тарафкаши ҳам бўлолмайди. Тарози ушлаб турган Фемида сиймосининг кўзлари ёпиқлиги сабаби ҳам шунда. Яъни, ҳукм чиқарувчи кимга адолат қилаётганини билмаслиги керак.
- Бу соҳага қандай кириб келгансиз? Афсусланиш ҳолатлари ҳам бўлганми?
- Оиламизда ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчилар йўқ. Ўсмирлигимизда синфдошимнинг прокурор отаси кийиб келган хизмат кийимига ҳавас қилиб, ҳуқуқ соҳасига қизиқишим ортган. Йиллар давомида бу ҳавас интилиш, мақсадга айланиб, маёқ каби йўлимни ёритди. Ҳуқуқшунос бўлдим, кейин судьялик насиб қилди.
Судьяликка ўтиш жараёни ҳам тез бўлмаган. 11 йил давомида судда ходим бўлиб ишлаганман. Кейинчалик тегишли малака имтиҳонларидан ўтиб, судьяликка тайинландим. Албатта, танлаган касбим осон эмас. Бошида судья бўлганимдан афсусланган вақтларим ҳам бўлган. Лекин қийинчиликларни ўз устимда ишлаб, тажриба орттириб, енгиб келяпман.
- Фаолиятингиздаги энг мураккаб ишни эсланг. У сизга нимани ўргатди?
- Фаолиятимдаги энг мураккаб ва ёдимдан чиқмайдиган иш судьялик вазифасига энди тайинланган вақтларимга тўғри келади. Сохта тадбиркорлик билан боғлиқ иқтисодий жиноятни кўриб чиққанман ўшанда. Жуда узоқ давом этган иш. Ҳали амалий тажрибам кам бўлгани учун хато қилишдан қўрққанман.
Бу иш менга катта мактаб бўлган. Эгнимдаги юпқа матоли мантия қанча “юк” босишини ўшанда англаганман. У орқали судья ишида нафақат ҳуқуқ, балки иқтисод, ҳатто мактабдаги оддий математика фанидан олинган билим ҳам асқотишини, судья ўқиб-изланишдан тўхтамаслиги кераклигини англаб етдим.
- Ҳукм ўқишда нималар эътиборга олинади? Айтайлик, судланувчининг қарамоғида оиласи, ота-онаси бор. Суд эса жазо муқаррарлигини таъминлаши керак.
- Жиноят кодексида айб учун жавобгарлик ва жавобгарлик муқаррарлиги, деган тамойиллар бор. Аввало, фуқаролар ҳам қонунни бузгани учун жавобгарлик борлиги ва бу жавобгарлик муқаррар таъминланишини англаши керак. Шунда жиноятлар сони камаяди.
Суд масаласига келсак, унга жазоловчи идора сифатида қараш нотўғри. Суднинг мақсади адолатни қарор топтириб, келгусида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш ҳамда адашганларни тўғри йўлга қайтариш учун таъсир чораларини белгилашдир. Шу боис судья ишни кўриб чиқаётганда барча омилларни эътиборга олади. Қарор чиқаришда юқорида айтилган натижага эришиш учун қонунчиликда белгиланган энг мақбул йўлни танлайди. Айтиш жоизки, бугунги қонунчилигимизда жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқ белгиланган бўлса, жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни қўллашда чекловлар йўқ. Судья турли вазиятларни жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этиши мумкин. Лекин суд қарори адолатлилик, қонунийлик ва асослилик деган уч тамойилдан четга чиқмаслиги керак. Яъни, ҳукм судьянинг шахсий қарашини ифода этмаслиги лозим. Якуний қарор қонунда белгиланган тартибда ва асосли бўлиши шарт.
- Судья ўз қарорининг тўғрилигига ишончи комил бўлмаса-чи?
- Бизда “маслаҳат сири” деган тушунча бор. Яъни, судья якуний қарорни қабул қилиш учун маслаҳат уйига кирганда, суд залида олинган барча ахборотни таҳлил қилади. Агар унда қарорининг тўғрилигига ички ишонч бўлмаса, ҳукм ўқилмайди. Балки иш қўшимча ўрганиш учун қайтарилади.
Бу каби ҳолатлар тажрибамизда кўп бўлади. Судьялик терговчининг хулосаларини тасдиқлаб қўядиган мансаб эмас. Агар кўрилаётган ишни ўрганишда камчилик бўлса ёки судьянинг бошқа бирор шубҳаси бўлса ҳам қарор чиқаришга шошилмайди.
- Фуқаро судьянинг фаолиятидан норози бўлиб шикоят қилса, қандай чоралар кўрилади?
- Бизда малака ҳайъатлари бор. Агар судья хизмат вазифасини лозим даражада бажарганига шубҳа бўлса, хизмат текшируви ўтказилади. Ва у ўз тасдиғини топса, судьяга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар қўлланилади.
Суд қароридан норозилик ҳам судья фаолиятини баҳолашнинг иккинчи мезони ҳисобланади. Бунда фақат юқори инстанцияда турувчи суд тегишли қарорнинг адолатлилиги, қонунийлиги ва асослилигига баҳо бериши мумкин.
Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Баъзан фуқаролар ҳали суд иши якунланмасдан туриб, ижтимоий тармоқ орқали судья фаолиятига эътирозлар билдириш, уни ноўрин айблаш йўли билан суд қарорига таъсир ўтказмоқчи бўлади. Бунинг учун қонунчиликда жавобгарлик белгиланганини унутмаслик керак.
- Судьялар ҳам инсон. Яъни, улар ҳам хато қилади. Буни суд ишининг кейинги инстанцияларида тўғрилаш мумкиндир, лекин “хато” қилиш одатий ҳолга айланмаслиги керак...
- Албатта, судьялар ҳам хато қилади. Бунинг сабаблари турлича бўлиши мумкин. Энг асосийлари - судьянинг тажрибасизлиги ёки иш ҳажмининг кўплиги. Иш кунини тўғри тақсимлаш орқали иш ҳажмини минималлаштиришнинг имкони бордир, лекин тажриба вақт билан келади. Эътиборлиси, бугун тажрибаси кам судьяларнинг ҳам “Устоз-шогирд” анъанаси асосида малака ошириши йўлга қўйилган.
Биламизки, судда доим ютган ва ютқазган томон бўлади. Ютқазган томон суд қароридан рози бўлиши камдан кам учрайди. Буни тўғри қабул қилиш керак.
- Соҳага тааллуқли тадбирлардан бирида “Судья ишдан ташқарида ҳам судья”, деган фикр айтилганди. Бунинг маъноси қандай?
- Бу ерда урғу судьянинг қарор чиқаришига эмас, кўпроқ юриш-туриш маданиятига берилган. Судьялар одоби кодекси бор. Ҳужжат судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолияти, шунингдек, хизматдан ташқари вақтда амал қилиниши лозим бўлган одоб-ахлоқ, хулқ-атвор қоидаларини белгилайди.
Унга кўра, судья одоб ва ахлоқнинг умумэътироф этилган қоидаларига амал қилиши, ҳар қандай вазиятда ҳақиқатпарвар бўлиши, суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва судьянинг обрў-эътиборига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт. Шунингдек, у муайян суд иши бўйича ҳуқуқий маслаҳат беришга ва ўз фикрини билдиришга, судда кўрилган ёки суд иш юритувидаги ишларни хизматдан ташқари ҳолатда муҳокама қилишга ҳақли эмас.
Турли вазиятлар бўлади. Айтайлик, бир даврада ўтирган танишингизнинг ишини кўриб чиқишга тўғри келиши мумкин. Ёки кимдир яқинларингиз орқали таъсир ўтказмоқчи бўлади. Буларнинг олдини олиш учун ҳам тўғри ишлаш ва тўғри яшаш керак. Бир сўз билан айтганда, судья жамоат одами бўла олмайди.
- Очиғи, бу касб тасаввур қилганимиздан ҳам мураккаброқ экан. Бир томонда инсонлар тақдири, иккинчи томонда қатъий интизом. Айтинг-чи, унда нега ҳуқуқшунослар судья бўлишга интилади? Фақат адолатни таъминлаш учунмасдир?
- Саволнинг мазмунидан келиб чиқиб, бирдан айтаман - судья бўлиб бойиб кетолмайсиз. Ҳеч миллиардер судьяни кўрганмисиз? Йўқ, албатта. Ишимиз қанчалик мураккаб бўлса, шунчалар шарафли ҳамдир. Судьянинг қарори билан кимдир жазоланиши мумкин. Лекин шу қарор иккинчи томоннинг ҳуқуқлари тикланиши, адолат таъминланишига олиб келади. Танганинг иккинчи томонини кўра биладиган, матонатли, сабрли инсонларгина судьяликка лойиқ бўлади.
- Судья бўлишни орзу қилаётган ёшларга қандай маслаҳатларингиз бор?
- Бугун юртимизда суд тизимини ривожлантиришга эътибор ортган. Хусусан, судья бўлиш талаблари ҳам енгиллаштирилган. Лекин бу судьялик қилиш осонлашди, дегани эмас. Юқорида айтганимдек, бойиб кетиш учун судья бўламан, дейдиганлар адашади. Уларга омадини тадбиркорликда синаб кўришни маслаҳат берган бўлардим. Модомики, касбга меҳр қўйган экан, бундай ёшлар тинимсиз ўқиб-изланиши, ҳам шахс, ҳам мутахассис сифатида камол топиши керак.
Асқар Баротов суҳбатлашди.