Сунъий интеллектни жорий этишга тайёрлик бўйича 131-ўриндамиз
Бугунги кунда сунъий интеллект иқтисодиётнинг барча соҳаларида фаол ва кенг миқёсда жорий этиляпти.
Сунъий интеллект меҳнат бозорларидан тортиб рақамли инфратузилма ва таъминот занжирларигача бўлган ҳамма нарсани инқилоб қилиб, глобал иқтисодиётни тубдан ўзгартиришга тайёр. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) маълумотларига кўра, жаҳон бандлигининг деярли 40 фоизи сунъий интеллект таъсирида, айрим тармоқлар эса бошқаларга қараганда сунъий интеллектга асосланган автоматлаштиришга кўпроқ мойил, дея хабар беради ranking.kz.
Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб сунъий интеллект инсон ақл-заковати даражасига етиши ва жаҳон иқтисодиётига йилига 4,4 триллион доллар қўшиши мумкин. Ҳозиргача 60 та давлат ўз миллий сунъий интеллект стратегияларини ишлаб чиқди, жумладан Бразилия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи, Сингапур ва Жанубий Корея.
ХВЖ томонидан тақдим этилган сунъий интеллект тайёргарлик индексига кўра, 2023 йилда сунъий интеллектни жорий этишга тайёр давлатлар орасида Сингапур, Дания ва АҚШ етакчилик қилган. Сингапур сунъий интеллектни ривожлантиришга ва давлат ходимлари учун воситаларни яратишга фаол сармоя киритиб, ўз фуқароларига ушбу технологияларни тезда ўзлаштиришга ёрдам бериб келяпти.
Келтирилган рўйхатда174 давлат орасида Сингапур, Дания ва АҚШ энг яхши тайёргарлик кўрган бўлса, Жанубий Судан, Афғонистон ва Сомали каби давлатлари энг кам тайёргарлик кўрган.
Марказий Осиё ва ЕОИИ мамлакатлари орасида Россия, Арманистон, Беларусь етакчи ўринларда. Қўшнимиз Қозоғистон 50 та етакчи давлатлар қаторига кирди ва 0,55 балл билан 48-ўринни эгаллади. Яна бир қўшнимиз Қирғизистон 99-ўринни банд этган.
Ўзбекистон рейтингда 131-ўринда қайд этилган. Бу эса мамлакатда сунъий интеллектни ривожлантиришни жадаллаштириш заруратидан далолат беради.
Сунъий интеллект тайёрлик индекси тўртта асосий омилни баҳолайди: рақамли инфратузилма, инсон капитали, технологик инновациялар ва қонунчилик асослари.