Сурункали хасталикларнинг 60 фоизи нотўғри турмуш тарзидан келиб чиқади

Касалликлар профилактикаси ҳамда асоратларнинг олдини олиш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилган бўлишига қарамасдан, ҳозирги замон тиббиёти аҳоли саломатлигига юқумли касалликлардан кўра юқумсиз касалликлар кўпроқ хавф туғдираётганлиги тўғрисида бонг урмоқда.

Сабаби, юқумли касалликлар турли омиллар таъсирида келиб чиқса, юқумсиз касалликлар ривожланишига аксарият ҳолларда аҳолининг ўзи сабабчи бўляпти.

Табиий маҳсулотлардан кўра, иштаҳани очувчи, синтетик витаминлар билан бойитилган, бузилишини секинлаштирувчи, сақланишини узайтирадиган сунъий қўшимчалар қўшилган маҳсулотлар, айниқса, ширинликларга ружу қўйганлар кўпайди. Туз ва ёғни меъёридан кўп истеъмол қилиш, кам ҳаракатлилик ҳамда бошқа омилларнинг салбий таъсири сабабли ортиқча вазнлилик ортиб боряпти. Оқибатда аллергик, юрак қон-томир касалликлари, қандли диабет, организмнинг касалликка қарши курашиш қобилияти заифлашиши ҳисобига ўсма касалликлари сони йилдан-йилга кўпаймоқда.

Халқимиз хамирли таомларни севиб истеъмол қилади. Лекин биз ишлатадиган ун маҳсулотларининг аксарияти олий навли. Улар енгил ҳазм бўлиши билан бирга организм учун муҳим ҳисобланган витамин, минераллар ва бошқа фойдали биологик моддалардан деярли холи. Бундай маҳсулотларни доимий истеъмол қилиш семиришга, организмнинг витамин ва минераллар етишмовчилиги ҳисобига заифлашишига, оқибатда турли касалликларнинг ривожланишига мойилликни оширади.

Шуни таъкидлаш жоизки, юқори даражада техник ишлов берилган озиқ-овқат маҳсулотлари (олий навли ун, оқ гуруч ва бошқалар), шунингдек, тижорат мақсадида етиштирилган мева-сабзавотлар, консерваланган озуқа маҳсулотларида асосий микронутриентлар миқдори оддий тайёрланган ва етиштирилган маҳсулотлар таркибига нисбатан сезиларли даражада кам. Масалан, В1 витамини буғдой нонининг 100 грамида 0,23 миллиграмм бўлса, буғдой кепагида 0,75 миллиграммни; фтор буғдой унининг 100 грамида 95 милликилограмм бўлса, нонда 48 милликилограмни ташкил қилади. Пўсти ва кепагидан обдон тозаланган маҳсулотларни истеъмол қилиш айрим микронутриентлар тақчиллигини келтириб чиқаради. Шунинг учун, пастроқ навли ундан тайёрланган маҳсулотларни истеъмол қилиш тавсия этилади.

Статистик маълумотларга кўра, 10 фоиз аҳоли табиий қарийди, 20 фоизи бахтсиз ҳодисалар ва урушлар, 70 фоизи турли касалликлар натижасида оламдан ўтар экан.

Соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилмаслик, ўз саломатлигига эътиборсизлик оқибатида дунё бўйича аҳоли ўртасида юрак қон-томир касалликлари, қандли диабетнинг иккинчи тури, ўсма касалликлари ҳамда нафас йўлларининг сурункали касалликларидан эрта ёшларда ўлим ва касалланиш ҳолатлари етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда.

Сурункали касалликларнинг 60 фоизи нотўғри турмуш тарзи, яъни тамаки чекиш, алкоголь истеъмол қилиш, мева-сабзавотларни етарлича истеъмол қилмаслик, ёғлар, туз ва ширинликларни меъёридан кўп тановул қилиш, жисмоний нофаоллик билан боғлиқ.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, хулоса қилиш ўзингиздан.

Ш.Бобоёров,

Самарқанд шаҳар 2-оилавий поликлиникаси филиали бўлим бошлиғи.