Сурхондарёда калтакланган ўқитувчилар воқеаси бўйича прокуратура ва вазирлик муносабат билдирди
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда мактабда эркак киши томонидан ўқитувчиларнинг калтакланиши билан боғлиқ видео тарқалган эди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура баёнот берди.
“Бош прокуратура томонидан мактаб ўқитувчилари оммавий дўппосланганлиги билан боғлиқ видеоёзувдаги ҳолат ўрганилди.
Аниқланишича, 2023 йил 14 апрель куни соат 12:00 ларда Узун туманидаги 31-сонли ўрта таълим мактабининг директор хонасида ўтказилаётган йиғилишда 34 ёшли эркак (ўқитувчи) икки нафар аёл ўқитувчи билан жанжаллашиб, уларга тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан 18 апрель куни Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган”, дейилади прокуратура муносабатида.
Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг муносабати ҳам эълон қилинди. Унга кўра, калтакланган аёл ўқитувчилар ҳозирда шифохонада, уларнинг ҳолати вазирлик томонидан назоратга олинган.