Сут тишларини даволаш керакми?

Сут тишини даволаш, ҳатто доимий тишни даволашдан муҳимроқ. Нега дейсизми? Унда эътибор беринг:

- болада доимий тишларнинг чиқиши, тишловнинг тўғри ривожланиши, сут тишларнинг соғ ва ўз вақтида алмашинувига боғлиқ.

- сут тишларнинг тўлиқ бўлиши жағ шаклининг тўғри ривожланишини таъминлайди. Агар улар кариес натижасида тушса ёки узиладиган бўлса, бола жағи нотўғри  шаклланади. 

- сут тишларнинг вақтидан олдин тушиши эса нотўғри  тишловнинг ривожланишига олиб келади.

- сут тишларидаги кариес ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Яъни, тиш илдизи соҳасида киста вужудга келиш эҳтимоли бор. Бу эса ўз навбатида кейинчалик чиқадиган доимий тиш куртагини зарарлантириши аниқ.

Сут тишларида кариеснинг пайдо бўлиши оғиз бўшлиғи гигиенасининг бузилишидан, озиқ таркибида минералларнинг етишмовчилигидан ҳамда тиш пастасидан нотўғри фойдаланиш оқибатида келиб чиқади. Болаларга 1,5 ёшдан бошлаб овқат истеъмол қилгандан кейин оғизни чайишни, 2-3 ёшдан бошлаб мустақил тиш чўткасидан фойдаланишини ўргатиш лозим. Эрта узилган биринчи сут тиши болага доимий тиши чиққунига қадар овқат ейишда қийинчилик туғдиради. Яхши майдаланмаган озиқ бола овқат ҳазм қилиш органларига салбий таъсир этади. Сут тишлари доимий тишлар чиққунича ўз вазифасини бажариши шарт.

Шербек ИБОДИЛЛАЕВ, Самарқанд давлат тиббиёт институти стоматология факультети талабаси.