Сув қувури устидаги ноқонуний бекат бузилиб, авария бартараф этилди

Сайтимизда шу йил 28 январда «Ким қилади-я, шугинани-я?!» сарлавҳали мақола орқали Самарқанд шаҳрининг Буюк Ипак йўли кўчаси, “Ниҳол” ресторани олдида ичимлик суви қувурининг тешилиши оқибатида булоқ пайдо бўлгани, 29 январь куни «Сартепа масканида ичимлик суви исроф бўлмоқда» мақоласи орқали Самарқанд шаҳар Сартепа мавзеи Ботир Зокиров маҳалласи ҳудудида - 45-йўналишда қатновчи автобуснинг охирги бекати олдида ҳам шундай ҳолат кузатилгани ҳақида хабар бергандик. Шунингдек, мазкур муаммо юзасидан «Зарафшон» газетасининг 29 январь 12-сонида «Ким қилади-я, шугинани-я?» сарлавҳали танқидий мақола чоп этилди.

Ушбу танқидий мақолалар юзасидан  “Сувоқова” давлат унитар корхонаси Самарқанд шаҳар филиали тезкорлик билан муносабат билдирди. Жумладан, филиал раҳбари Жавоҳир ЗУГУРОВ йўллаган жавобда шундай дейилади:

- Zarnews.uz сайти орқали 28 январда Самарқанд шаҳридаги Буюк Ипак йўли кўчасидаги, 29 январда Сартепа мавзеидаги сув қувурларида содир этилган авария ҳолатлари ҳамда бу борада «Зарафшон» газетасида эълон қилинган танқидий мақолада кўтарилган масала юзасидан филиалимизда тезкор амалий тадбир ишлаб чиқилди. Натижада ҳар икки жойда содир этилган сув қувуридаги авария ҳолати бартараф этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Буюк Ипак йўли кўчасидаги сув қувуридаги авария ҳолат анчадан бери мавжуд. Уни тузатиш учун бу ерда ноқонуний қурилган автобус бекатини бузишга тўғри келар, боис бу иш ортга сурилиб келаётганди. Тезкор тадбир давомида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари иштирокида сув қувури устига қурилган бекат бузилиб, унинг остидаги авария бартараф этилди.

Маълумот ўрнида: ушбу - “Ниҳол” ресторани ёнидан ўтаётган Д-500 мм.ли темир сув қувури 1970 йилларда ўтказилган бўлиб, бугунги кунда қувур ўз вазифасини ўтаб бўлган, бу эса авария ҳолатлари тез-тез содир бўлмаслигига кафолат йўқлигидан далолат. Самарқанд шаҳрининг муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш Дастури асосида Самарқанд шаҳар аҳолисини узлуксиз ичимлик сув билан сифатли таъминотлаш бўйича Амир Темур кўчасидан Акмал Икромов кўчаси бўйлаб Али Қушчи кўчасигача Д-500 мм.ли ичимлик сув қувурини алмаштириш таклифи киритилган. Ушбу дастурни амалга ошириш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган. Тендер ўтказилгач, 2019 йил февраль ойининг охирида ушбу ичимлик сув қувурини алмаштириш ишлари бошланади. Бу эса сув тизимидаги юқоридаги каби камчиликларнинг олдини олади.