Сувда чўкиб кетмаслик учун фойдали маслаҳатлар

Кунлар исиши билан одамлар сув ҳавзаларига чўмилиш учун серқатнов бўлиб қолади. Аммо катта сув ҳавзаларида чўмилиш доим ҳам кутилганидек якунланмайди. Биргина хато билан одам сувга ғарқ бўлиши ҳеч гап эмас. Шундай бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларга бир қанча маслаҳатлар берди.

Унга кўра, чўкиш билан боғлиқ ҳодисаларнинг юз бермаслиги учун авваламбор чўмилиш қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим. Бунинг учун биринчи навбатда об-ҳаво қуёшли ва шамол бўлмаган пайтда, ҳаво ҳарорати +20-25 С, сув ҳарорати +17-19 С дан кам бўлмаган шароитда чўмилиш тавсия этилади. Қорин оч бўлганда, чарчаганда, чанқаган пайтда, яқинда беморликдан турганда, спиртли ичимлик истеъмол қилинганда, ёлғиз бўлганда ва офтоб уриш ҳолларида чўмилиш мақсадга мувофиқ эмас. Шунингдек, тақиқланган жойларда чўмилиш, катер ва қайиқларга яқин сузиб бориш, ёш болаларни сувда қаровсиз қолдириш, чегараланган белгилардан ташқарига чиқиш, кўприк, дамба ва кемалардан сувга сакраш, нотаниш жойларга шўнғиш керак эмас.

Қайиқларда сайр қилаётганда бир қатор жиҳатларга эътибор қаратиш керак. Эгасиз ва техник носоз қайиқлардан фойдаланиш, сайрга шамол ва ёмғирли об-ҳавода ёки қутқарув ва сув чиқариш мосламаларисиз чиқиш, қайиққа рухсат этилгандан ортиқча одам ва юк олиш, сузиш вақтида бир қайиқдан иккинчи қайиққа ўтиш, қоронғи тушганда сузиш мосламаларидан фойдаланиш нохуш ҳолатларга сабаб бўлиши мумкинлигини унутмаслик зарур.

Сувда чўкаётган одамни қутқариш учун қутқарув анжомлари ва қайиқлардан фойдаланилади. Улар бўлмаганда эса чўкаётган одамни қутқаришда хавфсизлик чораларини билиш талаб этилади. Агар чўкаётган одам ҳушини йўқотган бўлса уни сувдан олиб чиқиш анча қулай бўлади. Лекин ҳушини йўқотмаган одамни қутқариш қутқарувчига ҳам катта хавф туғдиради. Чунки чўкаётган одам саросима ва ваҳимага тушган ҳолда қутқарувчига қаттиқ ёпишиши, уни ҳам сув остига тортиб кетиши мумкин. Шунинг учун чўкаётган одамнинг чангалидан чиқиш ва буксировка қилиш усулларини ҳам ўрганиш лозим.

Ўлим ҳолати фақатгина сувда эмас балки, жабрланувчи сувдан олиб чиқилгандан сўнг ҳам кузатилиши мумкин. Жонлантириш тадбирларининг ижобий натижаси уларнинг тўғри ва ўз вақтида кўрсатилишига боғлиқ. Шунинг учун ушбу тадбирларни қирғоққа олиб чиқилгандан кейин эмас, жабрланувчини сувда буксировка қилган пайтданоқ бошлаш лозим. Чунки ушбу пайтда амалга оширилган бир неча сунъий нафас олдириш ҳам жабрланувчи соғлиғи тикланишини тезлаштиради. Жабрланувчига мукаммал биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қирғоққа олиб чиқилгандан кейин амалга оширилади. Агар жабрланувчи ҳушидан кетмаган бўлса, зудлик билан унинг хўл кийимларини эчиш, танани турли нарсалардан тозалаш, бирорта иссиқ ичимлик ичириш, валериан настойкасини бериш тавсия этилади.

Агар жабрланувчи ҳушини йўқотган, лекин нафас олиш ва юрак уриши тўхтамаган бўлса, дарҳол унинг кийимларини эчиб, нашатир спирти ҳидлатилади. Мабодо, юрак уриши ва нафас олиш тўхтаган бўлса, бир вақтнинг ўзида сунъий нафас олдириб, юрак массаж қилинади. Агар жабрланувчи тутқаноқ (тиришиш) ҳолатида бўлса, уларни очиш махсус усул ёрдамида амалга оширилади: иккала қўлнинг тўртта бармоғини пастки жағдан тираган ҳолда, бош бармоқлар билан оғиз очилади. Жағларни қайта ёпилиб қолмаслиги учун тишлар орасига бирор нарса (резина бўлаги, тугилган рўмолча, бинт ва шунга ўхшаш нарсалар) қўйилади, мабодо протез тишлар бўлса оғиздан олиб қўйилади. Шундан кейин, бармоқлар ёрдамида тоза дока ёки рўмолча билан оғиз ва бурун бўшлиқлари ёт нарсалардан тозаланади. Сўнгра жабрланувчининг бошини юқорига кўтарган ҳолда тил тортиб олинади. Оғиз бўшлиғи ва юқори нафас йўлларини тозалаш нафас йўлларидан сувни чиқариш билан бир вақтда амалга оширилиши мумкин.

Танадан сувни чиқариш учун жабрланувчини қорни билан тиззага ётқизилади (ёрдам кўрсатувчи битта тиззасида ўтирган ҳолда) ва кураклар бир неча марта босилади. Бунда жабрланувчининг боши кўкрак қафасидан пастда бўлиши керак.

Оғиз бўшлиғи тозаланиб, сувнинг асосий қисми танадан чиқариб ташлангандан кейин, сунъий нафас олдиришга киришилади. Сунъий нафас олдиришнинг энг самарали ва оддий усулари – “оғиздан-оғизга” ва “оғиздан-бурунга” ҳисобланади. Сунъий нафас билан бир вақтда юрак массажи ҳам амалга оширилади. Бу пайтда жабрланувчи албатта қаттиқ эрда, юқорига қараб ётқизилиши керак.

Бевосита юрак массажи 4-5 марта сунъий нафас берилгандан кейин амалга оширилади. Массаж қатъий режимда бир дақиқада 50-60 марта босиш билан бажарилади.

Юрак массажи билан сунъий нафас олдиришнинг нисбати 4:1 ёки 6:1 бўлиши керак. Нафас олдириш билан юрак массажи бир вақтда амалга оширилмайди. Нафас чиқариш пайтидагина кўкрак қафаси 4-6 марта босилади.

Икки киши томонидан ёрдам кўрсатишда биринчи одам сунъий нафас беради, иккинчиси эса бевосита юрак массажи билан шуғулланади. Бу тадбирлар жабрланувчи ўзи нафас олгунга ва ҳушига келгунга қадар давом эттирилади.

Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгандан кейин (жабрланувчи ўзи нафас олиб ҳушига келгандан кейин) дарҳол хўл кийимларни эчиб, танани иситиш лозим. Бунинг учун иссиқ қум, грелка, иссиқ сув қуйилган бутилка ва шунга ўхшаган нарсалардан фойдаланилади. Биринчи навбатда кўкрак, бўйин, оёқлар, жигар ва бел қисмлар иситилади. Сўнгра “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилинади.

Доимо эсда тутинг! Жабрланувчининг нафас олиши тўхтагандан кейин 5-6 дақиқа муддатдагина уни ҳаётга қайтариш мумкин!