Сувда сурат чизиш — арт терапиянинг ўзига хос тури
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида Эбру – сувда сурат чизиш санъати бўйича маҳорат машғулотлари ўтказилди.
Самарқанддаги Туркия Бош консуллиги билан ҳамкорликда ўтказилган маҳорат машғулотларида эбру санъатининг таниқли вакили, Туркиянинг “Me’mor Sinan” номидаги тасвирий санъат университети анъанавий турк санъати кафедраси ўқитувчиси Ҳикмет Барутчугил иштирок этиши кўзда тутилган эди. Бироқ, Бухорода ўтказилган “Ипак ва зираворлар” халқаро фестивалида иштирок этган Ҳикмет Барутчугил соғлиги билан боғлиқ муаммолар сабаб юртига қайтишга мажбур бўлди. Самарқандда ўтказилиши белгиланган маҳорат машғулотларини унинг шогирди, қирғизистонлик Алишер Имомов олиб борди.
– Эбру санъати ўзига хослиги билан киши эътиборини тортади, – дейди Алишер Имомов. – Энг муҳими, у билан шуғулланган киши ҳар қандай руҳий босимларни унутади. Шу боис, унга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Устозим Ҳикмет Барутчугил 50 йилдан ортиқ вақт мобайнида ушбу санъат билан шуғулланиб келади. Унинг таъкидлашича, бу санъатда ҳеч бир ишни,яъни суратни қайта такрорлаб бўлмайди. Ҳар бир сурат ўзига хос, индивидуаллиги билан эътиборга молик. Ўтказаётган маҳорат машғулотларимиздан мақсад нима, деган ҳақли савол туғилади, албатта. Мен ҳам устоздан сафар олдидан сўрган нарсам шу бўлди. У кишининг жавоби мени ҳайратлантирди. Аслида эбру санъати қадимда Бухорода пайдо бўлган. Бухоролик савдогарнинг Истанбулга сафари чоғида бир карвонсаройда сувда сурат чизаётганлигини кўриб қолган маҳаллий аҳолида бунга қизиқиш пайдо бўлади. Ва шу тариқа Туркияда бу санъат пайдо бўлади. Узоқ йиллар аҳоли ўртасида оммалашган санъат бир муддат унутилган. Аммо ўтган асрнинг 70-йилларидан яна қайта тикланади. Менинг устозим ҳам ушбу даврдан бошлаб мазкур санъат билан шуғулланиб келади. У кишининг мақсади эбру санъатини тарихий ватанида қайта тиклашдан иборат. Ўтказилаётган машғулотларимиз давомида ўзбекистонликларга имкон қадар бу санъат ҳақида батафсил тушунча бериб, уннинг давомийлигига эришишга ҳаракат қилаяпмиз. Маҳорат машғулотларимизда иштирок этган талабалар, ўқитувчилар унинг арт терепия бўйича фойдали эканлигини таъкидлашди. Ўйлайманки, ушбу санъа йўналиши ҳам ўз ватанида қайта шуҳрат қозонади.
Қайд этиш жоизки, ушбу санъатда барча бўёқлар табиийлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Ишлатиладиган асбоблар ҳам оддий. Эбру санъати намуналари БМТнинг маданий мерос рўйхатига киритилган. Унинг тараққиёти учун ҳамма шароит етарли, фақатгина иштиёқ бўлса кифоя.
Ҳикмет Барутчугил шогирдлари иштирокидаги маҳорат машғулотлари Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳамда “SOS” болалар маҳалласида ҳам ўтказилди.
А.ИСРОИЛОВ.