Сувдан фойдаланишда тежамкормисиз?

Халқимиз орасида «Сув тузади ҳам, бузади ҳам», деган гапни кўп эшитамиз. Кейинги кунлардаги ёғингарчилик оқибатида сув билан боғлиқ ҳодисаларни кузатар эканмиз бу гапнинг ҳақиқат эканига шубҳа қилмаймиз. Аммо сувни жиловлаш, уни сув ўзанлари, каналлар, сув омборларига йўналтириш, сақлаш ва албатта, тежаб-тергаб фойдаланиш бугуннинг талаби.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Европа Иттифоқининг Осиё минтақасидаги экология марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда "Сувчи" жамоат бирлашмасининг Самарқанд шаҳрида ташкил этган семинар-тренинги шу масалага қаратилди.

Унда мамлакатимизда сув омборлари қурилишининг аҳамияти, сувдан унумли фойдаланиш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қондириш, сувнинг буғланиш, ифлосланиш ва камайиб кетишининг олдини олиш, аҳолининг сувга бўлган муносабатини яхшилаш юзасидан видеолавҳалар намойиш этилди, кўргазмали чиқишлар қилинди.

- Вегетация давридан ташқари бесамар оқаётган ва селлар оқибатида ҳосил бўлаётган сувни бир жойга тўплаш ва зарур пайтда ундан оқилона фойдаланиш мақсадида шу йилнинг ўзида мамлакатимизда 14 та сув омбори қурилиши бошланди, - дейди «Сувчи» халқаро бирлашмаси экология бўлими бошлиғи Алимардон Хўжақулов. – Шунингдек, сув сарфини кескин камайтириш ва тежаш мақсадида ўтган йилнинг ўзида 328 минг гектар майдонда томчилатиб, плёнка тўшаб ва эгилувчан қувурлар орқали суғориш технологиялари жорий этилди. Мақсад – табиат неъматидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш.

Семинар-тренинг якунида «Сув - мўъжиза», «Сувдан фойдаланишда тежамкормисиз?», «Ёмғирлатиб суғоришни йўлга қўяман» каби мавзуларда интеллектуал синовлар ўтказилди.

Акрам БЎРИЕВ.