Суяк шўрва: организм учун фойда ёки зарар?
Суяк шўрва саломатлик учун бир қатор афзалликларга эга. Бундан 2500 йил аввал Хитой тиббиётида суяк шўрвадан буйраклар фаолияти ва овқат ҳазм қилиш тизимини мустаҳкамлаш учун дори сифатида фойдаланишган.
Желатин ва оқсилга бой суяк шўрваси саломатлик учун муҳим бўлган озуқа моддаларини ўз ичига олади. Тадқиқотлар мунтазам равишда ушбу шўрвани истеъмол қилиш бўғимлардаги оғриқни енгиллаштириши ва суякларнинг соғлом ўсишига ёрдам беришини, тери ҳолатини яхшилаб, иммунитетни оширишини кўрсатган.
Бундан ташқари, ажойиб коллаген манбаи ҳисобланган бу маҳсулот яраларни даволаш, кўркам ва эластик тери, соч толалари ҳамда суяклар мустаҳкамлиги учун фойдали. Шу билан бир қаторда калций, фосфор, марганец, глицин каби қатор дармондорилар танага гўзаллик ва чаққонлик берибгина қолмай, балки иммунитет тизимини ҳам мустаҳкамлайди, овқат ҳазм қилиш фаолиятини яхшилайди.
Бу шўрва хонимларни қизиқтирадиган яна бир хусусиятга эга. Яъни, таркибдаги коллаген вазн йўқотиш учун самарали ёрдамчи экан. Коллаген истеъмоли аёлларга мушаклар массасини сақлаб қолган ҳолда таналаридаги ёғлардан халос бўлишга ёрдам берар экан. Шунингдек, коллаген шикастланишларнинг олдини олиш ва тўқималарни тиклаш учун ҳам фойдали.
Суяк шўрвадаги глицин моддаси метаболизмда, жигар фаолиятини яхшилайди ҳамда организмда холестерин, инсулин ва ошқозон кислотаси миқдорини назорат қилади.
Мол суякларидан тайёрланган таомлар тўйимли ва кучли бўлиб, организмда темир танқислиги, оғир жисмоний зўриқишлардан кейин тикланиш учун айни муддао.
Маҳсулот юрак-қон томир тизими фаолиятини мувофиқлаштириб, асаб тизимини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Суяклардан тайёрланган шўрва танани калий, фосфор, В гуруҳ дармондорилари, темир, натрий, оқсил, аминокислоталар билан тўйдиради.
Шўрвадаги оқсил ичак шиллиқ қаватини тиклаш билан овқат ҳазм қилиш учун соғлом муҳит яратади. Ичаклар фаолиятини енгиллаштириш эвазига кун давомидаги яхши кайфиятни ҳам таъминлайди.
Бу таомнинг ёғли ва юқори калорияли эканлигини инобатга олиб уни ҳар кун истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Шунингдек, буйрак тош касалликлари беморлари ҳам суяк шўрва истеъмолида шифокор маслаҳатини олганлари маъқул. Чунки протеинли овқатлар буйракда тош пайдо бўлишининг олдини олишга ёрдам берадиган ситрат миқдорини камайтиради. Шу сабабли буйракда тош йиғилиши ва подагра билан оғриган беморларга суяк шўрва тавсия этилмайди.