Табассум фикримизни ўзгартиради, ижобий кайфиятга хайрихоҳ бўлади
Табассум инсон учун табиий бўлган ҳолат. Бахт оғушида ва самимий хурсандчиликлар бўлган пайтларда юзимиз мўъжизавий тарзда ўзгаради, гўё атрофдагиларни биз билан яхши кайфиятни баҳам кўришга чорлайди. Ажабланарлиси, қалб иродаси билан эмас, атайин қилган табассум ҳам фикримизни ўзгартириши ва ижобий кайфиятга хайрихоҳ бўлиши мумкин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳар доим табассум қилиб юрар эканлар. Абдуллоҳ ибн Хорий шундай деган: “Мен ҳеч қачон Муҳаммад пайғамбарга ўхшаб табассум қилган одамни учратмаганман. У табассумини биродарига хайрия сифатида бахш этарди”.
Дунё мамлакатларида табассум дўстона муносабат белгиси ҳисобланиши билан бирга инсоннинг бахтли ички ҳолатини акс эттиради. Ушбу ижтимоий вазифадан ташқари, табассумнинг танамизга бевосита таъсир кўрсатадиган бир қатор фойдали хусусиятлари ҳам бор.
Биринчидан, табассум қилганда бутун вужуд бўшашади ва юрак бир текис ура бошлайди, қон босими маълум вақтга пасайиб, “хурсандчилик гормонлари” деб аталмиш эндорфинлар қонга туша бошлайди, улар кайфиятни кучайтиради ва ҳатто танада бўлган оғриқни заифлаштириб қўяди. Танамиз бўшашганда иммунитет тизими ташқи омилларга нисбатан анча тез ва самарали таъсир қилади, шунинг учун хушчақчақ одамлар камроқ касал бўлиб, ўзларини сезиларли даражада яхши ҳис қилишади.
Хафагарчилик ёки қўрқув бўлиб турган лаҳзаларда бирор киши сизга табассум қилишни маслаҳат берса, қанчалик ғазабланишингизни тасаввур қилинг. Бироқ, бу маслаҳат жуда ўринли ва керакли, чунки жилмайиш инсоннинг жисмоний ва психологик фаровонлигига кучли таъсир қилади.
Иккинчидан, табассум бизга стрессни енгишга ёрдам беради, шу сабабли шифокорлар ҳатто истамасак-да, табассум қилишни маслаҳат беришади. Аниқки, қувончли юз ифодалари умрни узайтиради, тери фаоллигига хизмат қилади ва ёш кўринишга ёрдам беради.
Учинчидан, табассумнинг соғломлантирувчи таъсири ўпка касаллиги, саратон ва депрессия каби жиддий касалликларда ҳам сезилиши мумкин. Ўзининг лабларини чўзишга мажбурлаган одам тананинг иммунитет тизимини мустаҳкамлашда ва касалликлар билан курашиш мойиллигини ҳосил қилишида кўмаклашади.
Атрофдагилар учун табассум нафақат илтифот белгиси, балки жилмайиб турган инсон ўзида ишонганлигининг далолатидир. Психологлар ишга жойлашиш учун суҳбатда ва мижозлар билан мулоқот қилишда айнан шу ҳолатда бўлишни маслаҳат беришлари бежиз эмас – яхши кайфият ва қарор қабул қилишдаги қулайликлар табассум орқали ҳосил бўлади. Қувноқ ва дўстона кўринадиган одам билан мулоқот қилиш ва ишлаш ёқимли, чунки биз унинг ишончини онгли равишда қозонган бўламиз.
Ташқи кўринишнинг таркибий қисми сифатида табассумни танлайдиган одамлар ўзларини янада ғайратли, қатъиятлироқ ҳис қилади, уларнинг бошлаган ишлари кўпинча яхши натижаларни кўрсатади. Табассум қисман ижобий фикрлашни шакллантиради, бу эса ўз навбатида бизни муваффақият қозонишга чорлайди ва мақсадимиз йўлидаги барча қийинчиликларни енгишга ёрдам беради.
Мусулмончиликда киши юзидаги табассум қалби очиқ, пок, ташвиш ва умидсизликка йўлиқмаганлигидан далолат беради. Жариб ибн Абдуллоҳ айтдилар: “Расулуллоҳ мен Исломни қабул қилган пайтимдан бошлаб ўзларини кўришимдан бош тортмадилар ва у киши ҳеч қачон менга юзларида табассумсиз қарамади”.
Ҳатто лабларнинг дўстона эгиб қилган кичик бир жилмайиш учун ҳам Аллоҳ томонидан мукофот берилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) айтганлар: “Биродарингга қараб қилган табассум бу садақадир”.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.