Табиатга ошно олим шогирдларини ҳам эзгу йўлга ундамоқда

Таниқли биолог олим, Самарқанд давлат университети профессори Жўрақул Хўжаев 58 йилдан буён ёшларга таълим-тарбия бериш ва олий таълим тизимини ривожлантириш йўлида хизмат қилиб келмоқда. Унинг мазмунли ҳаёт йўли кўпчиликка ибрат мактаби бўлишга лойиқ.

Ж.Хўжаев 1936 йилда таваллуд топди, 1958 йилда Самарқанд давлат университетининг биология факультетига ҳужжат топширди. У талабалик давридаёқ илм-фанга, билим олишга чанқоқлиги билан курсдошларидан ажралиб турарди. Илмий тўгараклар ва анжуманларида ўз маърузалари билан тез-тез чиқишлар қилиб борди. Факультетнинг жамоат ишларида фаол қатнашди. Диплом ишини Ленинград ўсимликлар физиологияси лабораторияси профессори Д.Сапожников раҳбарлигида амалга оширди. У 1963 йилда университетнинг биология факультетини имтиёзли диплом билан тугатди. Илм даргоҳида профессорлар Д.Саидов, А.Тўлаганов, Е.Проскуряков, А.Сагитов, Д. Қобулов каби устозларидан фан сирларини ўрганди. Улар ёш олимни факультетнинг ўсимликлар физиологияси ва микробиология кафедрасига ассистентликка таклиф қилишди. 1965 йилда аспирантурада таҳсил олди. У аспирантурани тугатмай туриб фан номзоди бўлди. Қатор йиллар Ж.Хўжаев қадрдон кафедрасида катта ўқитувчи, доцент бўлиб ишлади.

Ўзбекистон шароитида пахтачилик қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғи эканлигига эътибор қаратган ёш олим бутун илмий фаолиятини «Ғўза физиологияси ва унинг ҳосилдорлик даражасини ошириш муаммоси»ни янада чуқурроқ ўрганишга қаратди. 1985 йилда шу йўналишда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1989 йилда профессор унвони берилди. Унинг илмий-тадқиқот ишлари халқаро миқёсда тан олинди.

Ж.Хўжаев биология факультетининг декани ва университет партия қўмитасининг биринчи котиби, 17 йил давомида эса ўсимликлар физиологияси ва микробиология кафедрасининг мудири лавозимларида ишлади.

Профессор раҳбарлигида 7 нафар фан номзоди, 4 нафар докторлик диссертацияси муваффақиятли ҳимоя қилинди. 1993 йилда бўлажак биологлар учун «Ўсимликлар физиологияси» ўқув қўлланмасини давлат тилида чоп эттирди. Махсус электрон китоб яратди. Унинг муаллифлигида 20 га яқин ўқув-услубий қўлланма ва дарсликлар, 160 дан ортиқ илмий мақолалар ва рисолалар чоп этилди. 

Устознинг илмий-педагогик ва жамоатчилик ишлари муносиб тақдирланган. Унга 1995 йилда университетда хизмат кўрсатган профессор, дея эътироф этилган бўлса, кейинчалик «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони ҳамда ўнлаб фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.

Домла умр йўлдоши Зайнаб ая билан беш нафар ўғил-қизларни тарбиялаб вояга етказди. Улар бугунги кунда 12 нафар невараларининг бағрида сермазмун ҳаёт кечирмоқда. Бугун ўзининг муборак 85 ёшни қаршилаётган устоз Жўрақул Хўжаевичга барча шогирдлари номидан мустаҳкам соғлиқ, оиласига тинч-тотувлик ва хайру баракот тилаймиз.

Сирожиддин Ўроқов,

Самарқанд давлат университети кафедра мудири.