ТАБИИЙ ВА СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ ДИҚҚАТИГА!
Ҳаво ҳароратининг пасайиб бориши натижасида аҳоли томонидан хонадонлардаги ёз мавсумида ишламай турган иситиш жиҳозлари (иситиш печлари, сув иситиш қозонлари, АГВ, АКГВ ва бошқа жиҳозлар) ишга туширилади. Лекин аксарият ҳолларда фуқаролар томонидан ускуналарни ишлатиш йўриқномаси талаблари ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмаслиги оқибатида кутилмаган кўнгилсиз ҳодисалар келиб чиқиши мумкин.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ёз мавсумида ишламаган жиҳозларни ишга туширишдан аввал албатта, уларнинг дудбўронини (мўри, дымоход) ва шамоллатиш (вентиляция) тизимлари соз ҳолатда эканлигини текшириш талаб этилади.
Дудбўронни текшириш қуйидагича амалга оширилади:
1 Дудбўрон яроқлилигини ускунани ишга туширмасдан олдин ип ёки енгил қоғоз (салфетка) бўлагини ускуна ёндиргичи остидаги ва алангани кўриш тирқишларига олиб борилади (2 ва 6-расмда). Агар ҳаво оқими ип ёки қоғозни ичкарига тортса, дудбўрон тортиши қониқарли ҳолатда бўлади. Аксинча бўлса, дудбўрон тортиши қониқарсиз ҳисобланиб, ускунани ишга тушириш қатъиян тақиқланади ва дарҳол мутахассисга мурожаат қилиш талаб этилади.
2 Агар ускуна ишга туширилган бўлса, гугурт алангасини ускуна ёндиргичи остидаги ва алангани кўриш тирқишларига олиб борилади (2 ва 6-расмда). Агар аланга ичкарига қараб тортилса, дудбўрон тортиши қониқарли бўлади. Аксинча, аланга ташқари томонга ҳаракат қилса, дудбўронда носозлик ёки ҳаво ўтказмайдиган қандайдир тўсиқ мавжуд. Бу ҳолатда дарҳол газ ускунасини жўмракдан ўчириш ва 104 рақами орқали боғланиб, мутахассис чақириш шарт. Мутахассис томонидан носозлик бартараф этилиб, дудбўрон тортиши қониқарли ҳолатга келтирилмасдан олдин газ ускунасини ишга тушириш қатъиян тақиқланади.
“ҲУДУДГАЗСАМАРҚАНД” МЧЖ ОГОҲЛАНТИРАДИ!
Ис гази (ёниш жараёни ҳосиласи) - инсон ҳаётига жиддий таҳдиддир. Газ истеъмолчилари томонидан “зангори ёнилғи”дан фойдаланиш қоидаларига амал қилиниши иситиш мавсумини бехатар ва беталофат ўтказишни таъминлайди.
“ҲУДУДГАЗСАМАРҚАНД” МЧЖ МАЪМУРИЯТИ.