Тадбиркор ва СамДЧТИ ўртасида келишув бўлса, талабалар учун қўшимча автобус қатновлари йўлга қўйилади
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда Zarnews.uz сайти ҳамкорликда ёшларни қийнаётган муаммолар ўрганилмоқда.
Хусусан, ёшлар томонидан жамоат транспорти қатновида қўшимча автобуслар ва йўналишсиз таксиларда нахларни меъёрлаштириш масаласи ҳам билдирилмоқда.
Самарқанд шаҳридаги йўналишларда ҳаракат қилаётган автобусларнинг жадвали 20:00 га қадар белгиланган. Қолаверса, автобуслар 18:30 дан сўнг йўловчилар оқимининг камайиши ҳисобига қисқартирилган жадвал асосида ҳаракатланади. Аммо ҳозирги вақтда баъзи йўналишларда ҳаракат 19:00, баъзиларида 19:30 да якунланмоқда. Бунинг сабаби, ўтказилган кузатувлар натижасида 19:30 дан сўнг автобусга бўлган талаб мингдан бир фоизга тўғри келади. Шу туфайли тадбиркорлар ёқилғи мойлаш маҳсулотларининг сарфини камайтириш мақсадида автобуслар ҳаракатини тўхтатади.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси маъмурияти автотранспорт соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларни тендер шартларини бузмасликка чақирмоқда. Акс ҳолда уларга белгиланган тартибда қонуний чора кўрилиши маълум қилинаётир.
Ўтказилган ўрганиш натижасида Самарқанд давлат чет тиллар институтида сўнгги дарс машғулотлари соат 20:20 да, қолган олий таълим муассасаларида 19:30 га қадар якунланиши маълум бўлди.
Шу боис қўшимча равишда автобусларда ташувларни амалга ошириш мақсадида СамДЧТИ маъмурияти кўмагида йўловчилар оқимини ўрганиш орқали автобусларда ташувларни амалга ошириш юзасидан суҳбат ўтказилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, тадбиркорнинг ҳам ҳуқуқларини бузмаслик лозим. Сарфланадиган ёқилғи маҳсулотларини қоплаш масаласига ҳам ечим топиш керак. Шунинг учун тадбиркор ва СамДЧТИ ўртасида келишув шартномасини имзолаш талаб этилади. Тадбиркорлар ва СамДЧТИ маъмурияти ўртасида келишувга эришсак, албатта қўшимча автобус қатновлари йўлга қўйилади. Бу ҳақда институт раҳбариятига автокорхоналар билан шартнома тузиш таклифи берилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларини ҳамда автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, йўналишсиз таксиларнинг йўловчиларни ташиш ва багажни ташиш тарифлари миқдори ташувчи томонидан белгиланади. Яъни, ташувчилар ўз сарф-харажатларидан келиб чиқиб, нарх белгилайди.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.