Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тадбиркорга “Ноль” харид қийматида бино берилди, натижа қандай бўлди?

Ҳозирда Самарқанд вилояти бўйича 50 дан ортиқ бўш турган объект инвестиция мажбурияти билан тадбиркорларга берилган ва ушбу объектларга 80 миллиард сўм ҳамда 239,7 миллион доллар сармоя киритиш ва 3500 дан ортиқ иш ўрни яратиш вазифаси қўйилган.

Йил якунлари билан мазкур объектларга 55 миллиард сўмдан зиёд сармоя киритилиб, 35 та объект тўлиқ ишга тушди. Натижада 500 га яқин янги иш ўрни яратилди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан Оқдарё туманидаги ишга тушган объектлар фаолияти билан танишиш мақсадида ташкил этилган пресс-турда шу ҳақда маълумот берилди.

- Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасидаги собиқ Самарқанд агроиқтисодиёт коллежининг бўш турган бино ва иншоотларини инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан “ноль” харид қийматида “ASR IMKON TEXTILE” МЧЖга сотилганди, - дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Салоҳиддин Султонов. – Жамият томонидан объектга 2022 йил 1 апрелгача 1 миллион 558 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиб, тикувчилик цехини ташкил этиш орқали 300 та янги иш ўрни яратиш мажбурияти берилган. Ҳозирда бино иншоотлар қайта таъмирланиб, лойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилиши ҳисобига 200 нафардан ортиқ "дафтар"ларда турувчи фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Мазкур корхонада Германия, Туркия, Италиядан келтирилган замонавий ускуналар ёрдамидан йилига 1 миллион донадан ортиқ тайёр трикотаж маҳсулотлар тайёрланади ва маҳсулотнинг 70 фоизи хорижга экспорт қилинмоқда.

Янгиобод маҳалласида кўп йиллар аввал қурилган “Меҳмонхона-музей” биноси хароба ҳолга келиб қолганди. Тадбиркор Зайниддин Отабоев “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар эвазига сотиб олиб, суратхона, видеохизматлар ва тикувчилик фаолиятини ташкил этди. Тадбиркор ушбу объектга 150 миллион сўм миқдорида сармоя киритиб, 5 нафар фуқарони иш билан таъминлади.

Ўктам Худойбердиев.