Тадбиркорлар учун Бизнес-клиника очилди

Статистик маълумотларга кўра, 2019 йилда кичик бизнес мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 57 фоизини ташкил этган. Коронавирус пандемияси туфайли жорий йилда бу кўрсаткич бир мунча пасайди. Чунки бир қатор корхоналар ишлаб чиқариш ҳажми ва ишчилар сонини қисқартиришга мажбур бўлди.

Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, тадбиркорлик ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш тадбирлари белгиланди. БМТ Тараққиёт дастури томонидан Ўзбекистонда ишга туширилган COVID-19 га қарши тезкор ҳаракат механизми доирасида учта йўналиш - эҳтиёжларни тезда аниқлаб, улар бўйича ечим топиш, инқирозга қарши самарали бошқарув, эрта тикланиш бўйича ишлар таклиф қилинди.

Эрта тикланиш йўналиши доирасида БМТ Тараққиёт дастури Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун Бизнес-клиника лойиҳасини ишга туширди. Бизнес-клиника пандемия даврида молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорларга бизнесни тиклаш ва давлат томонидан бериладиган имтиёз ва преференциялар билан боғлиқ барча масалалар бўйича бепул маслаҳатларни тақдим этади.

Бизнес-клиника тадбиркорлик субъектлари билан оператив алоқа учун https://t.me/biznes_klinika телеграм канали ишга туширилди. 1094 ишонч қисқа рақамига тушаётган саволларга 24 соатлик консультациялар бериш тизими йўлга қўйилди (+998 90 1753420, Фарҳод Жабборов, Миллий консультант, "Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш"), www.businessinfo.uz вебсайтининг Бизнес-клиника бўлимида онлайн-мурожаатлар қабул қилиш имконияти яратилди.

Лойиҳа масъуллари пандемиядан зарар кўрган барча кичик ва ўрта бизнес вакилларини Бизнес-клиника орқали тажрибали мутахассислардан бизнесни тиклаш ва инқироздан босқичма-босқич чиқиш имкониятини берадиган солиқ, божхона, кредит ва бошқа имтиёзлар бўйича консультациялар олишга таклиф қилади.

Бахтигул ҚАРШИЕВА.