Тадбиркорликни бошламоқчи бўлган хотин-қизларга БҲМнинг 150 бараваригача кредит берилади

“Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5020-сон, 05.03.2021 йил) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали маълум қилди.

🏢 Қарор билан Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши (Республика кенгаши) ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари белгиланди.

➡️ Республика кенгаши ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширади.

📂 Қарорга кўра, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси (Жамғарма) сифатида қайта ташкил этилди.

💰 Республика кенгашининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ Жамғармага ҳар йили 300 миллиард сўмгача миқдорда Давлат бюджети маблағлари ажратилади.

🏦 Шунингдек, тегишли дастурларни муваффақиятли ўзлаштирган хотин-қизларга туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари тавсиясига кўра, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 йилгача муддат ва 6 ойгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида БҲМнинг 150 бараваригача (36 млн 750 минг сўмгача) миқдорда кредитлар берилади.

🔰 2021 йилда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган хотин-қизларга ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадални тўлаб бериш ва ижтимоий уй-жойлар сотиб олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига:

  • нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёлларни уй-жой билан таъминлашга – 10 миллиард сўмдан;
  • отасидан айрилган, ёлғиз онаси қарамоғида бўлган, вояга етган, уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга – 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилади.