Такси нархи нега кескин қимматлашди?

Ёхуд йўловчи ташиш фаолиятини қайси ташкилот назорат қилади?

Самарқанд шаҳрига яқин туманлардан ҳар куни ишга ёки ўқишга борувчилар манзилга ўз вақтида, бехавотир етиб боришни ўйлайди. Бунинг учун ҳар ким эҳтиёжи ёки моддий имкониятидан келиб чиқиб транспорт танлайди. Шубҳасиз, вақти тиғиз кишилар такси ёки йўловчи машиналарни афзал билади. Хуллас, ҳар қандай вазиятда кўпчилик, гарчанд кира ҳақи қиммат бўлса ҳам таксиларга мурожаат қилади.

6 минг сўмдан 10 минг сўмга

Ҳозирги вақтда Самарқанд шаҳрига туманлардан қатновчи йўналишсиз таксиларнинг йўл кира нархлари кескин қимматлаганлиги аҳолининг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Булунғур тумани аҳолиси томонидан ҳам йўналишсиз такси нархларининг кескин қимматлашганлиги борасида кўплаб эътирозлар бўлмоқда. Айниқса, “Булунғур-Самарқанд-Булунғур” йўналишидаги таксилар йўл кира нархлари юртимизда карантин чекловлари жорий қилинганидан аввал, яъни март ойида 6 минг сўм бўлган бўлса, ҳозирда 10 минг сўмни (қарийб 70 фоизга қимматлашган) ташкил қилмоқда. Ваҳоланки, ушбу муддат ичида ойлик иш ҳақлари ошмади. Товар ва хизматлар нархи эса нари борса 15-20 фоизга қимматлашди. Автотранспорт ёқилғиси (метан газ) ҳам 20 фоиз атрофида қимматлашди (6 минг сўмнинг 20 фоизи 7 минг 200 сўм бўлади. Бу оддий арифметика). Ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши натижасида йўл кира нархлари ҳатто 15-20 минг сўмга кўтарилаётганининг ҳам гувоҳи бўлмоқдамиз.

Аҳолининг фикри қандай?

Телеграмдаги Bulungur.uz канали орқали “Депутат сўровномаси” рукнида ўтказилган сўровномада қатнашганларнинг 13 фоизи йўл кира нархларининг қониқарли эканлигини, 87 фоизи эса йўл кира нархларининг қимматлигини билдиришган. 16 ноябрдан бошлаб олий таълим муассаларида анъанавий таълим жараёнлари бошланди. Самарқанд шаҳридаги олий таълим муассаларига туман ҳудудидан кўплаб талабалар кунлик қатновни амалга оширади. Йўл кира нархларнинг кескин ошганлиги талабалар ва уларнинг ота-оналарига ҳам қийинчилик туғдириши табиий.

Депутат муносабати

Ушбу масала юзасидан жорий йилнинг 27 октябрь куни Самарқанд вилояти транспорт бошқармасига халқ депутатлари туман Кенгаши депутати томонидан депутатлик сўрови жўнатилди. Транспорт бошқармасининг жавоб хатида ушбу масала уларнинг ваколат доирасида эмаслиги ва тумандаги автотранспорт корхоналарига мурожаат қилиш зарурлигини билдириб ўтди.  Ўз-ўзидан савол туғилади, “Самарқанд-Булунғур” йўналишида қатновчи таксиларга эга автотранспорт корхонаси борми ўзи? Агар бор бўлса, уларнинг фаолиятини қайси ташкилот назорат қилади? Йўловчи ташиш фаолияти билан ноқонуний шуғулланаётган шахсий автомашина эгаларининг фаолиятини-чи? Ҳамма ўз билганича йўл кира нархларини ошираверса, халқнинг моддий имконияти ва манфаатларини ким ҳисобга олади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларини ҳамда автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарори асосида «Автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидалари»нинг 99-бандида йўналишсиз таксиларнинг йўловчилар ва багажни ташиш тарифлари миқдори ташувчи томонидан белгиланиши кўрсатилган. Демак, йўл кира ҳақини сарф-харажатдан келиб чиқиб, ҳар бир такси хизматини кўрсатувчи корхонанинг ўзи белгилайди. Шунингдек, кира ҳақини ўзгартирган корхона ўзига тегишли таксиларга амалдаги нархни ёзиб қўйиши, корхона манзили, ҳайдовчининг исм-шарифи, телефони бўлган бейжик осиғлиқ туриши керак. Ўзгарган кира ҳақи ҳақидаги корхона буйруғи (сабаблари кўрсатилган ҳолда, албатта) осилган, барча ҳайдовчилар таништирилган бўлиши керак.

Ушбу масала юзасидан туман кенгаши депутатлари бошқа масъул ташкилотларга сўров юбориб, натижаси бўйича қўшимча ахборот берилади. Шунингдек, йўл кира нархларининг сунъий равишда оширилиши бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш сизу бизнинг қўлимизда эканлигни эслатиб ўтиш зарур.

Шахзод АҲМЕДОВ,

халқ депутатлари Булунғур тумани Кенгаши депутати.