Талабалар томонидан оғир турдаги жиноятлар содир этилиши кузатилмоқда: ОТМларда профилактика (катта) инспектори штат бирликлари киритиш таклиф этилди

Бундай жиноятларни СамДУнинг 10 нафар, СамДАҚИнинг 4 нафар, СамДТУнинг 2 нафар, ТАТУ Самарқанд филиали, ТДИУ Самарқанд филиали, ТДАУ Самарқанд филиали ва СамИСИнинг 1 нафардан ҳамда 10 нафар бошқа вилоятларда жойлашган олий таълим муассасалари талабалари содир этган.

Бу ҳақда вилоят Кенгаши сессиясида маълум қилинди.

Мисол учун, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти талабаси жорий йил 14 февраль куни тадбирга жалб қилинган шахсга 7,55 грамм миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 750 минг сўмга сотаётган вақтида ҳодиса жойида ушланган.

Ёки Самарқанд давлат университетининг уч нафар талабаси 2021 йил 23 декабрь куни фуқаролардан бирини Сартепа масканидаги хонадонига мажбурлаб олиб бориб, қийнаб, номида бўлган “Матиз” автомашинасини уларнинг номига ўтказиб беришга мажбур қилиб, бир нечта жиноятларни содир этишган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, вилоятдаги йирик олий таълим муассасаларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда талабалар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали амалга ошириш мақсадида шартнома асосида камида биттадан профилактика (катта) инспектори штат бирликлари киритиш таклиф этилди.