Таълимда гендер тенглиги: вазирликда қанча хотин-қиз ишлайди, Самарқанддаги олийгоҳларда-чи?

Соҳада гендер тенглигини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб келинмоқда.
Айниқса, қизларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида қўшимча грант ўринлари ажратилиши, стипендия дастурларининг жорий этилиши, мактабларда уларни илм-фан ва техника йўналишларига жалб қилиш бўйича турли ташаббусларнинг амалга оширилиши кейинги йиллардаги муҳим натижалардан далолат беради.
Масалан, 2023 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида қизлар учун 4 мингдан ортиқ қўшимча давлат гранти ажратилди. Қашқадарё, Сурхондарё ва Қорақалпоғистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий қилинди.
Бироқ таълимда гендер тенглиги борасида ечимини кутаётган муаммолар ҳам талай. Аввало, олий таълим муассасаларида йўналишлар кесимида катта тафовутлар кузатилмоқда. Масалан, Тошкент давлат транспорт университетида талабаларнинг қарийб 92 фоизини эркаклар ташкил этса, техник йўналишларда ўқиётган аёлларнинг улуши 11–14 фоиздан ошмайди. Аксинча, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида талабаларнинг 84 фоизи, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида эса 74 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
Ҳудудлар кесимида ҳам тафовут яққол сезилади: масалан, Фарғона давлат университетида аёллар улуши 65 фоиз бўлса, айрим чекка вилоятлардаги техник институтларда бу кўрсаткич анча паст даражада қолмоқда. Бундай тафовут қизларнинг кўпроқ анъанавий йўналишларни – педагогика, тил ва адабиёт, тиббиёт танлашига, техника ва IT каби замонавий соҳаларда эса уларнинг иштирокининг пастлигича қолишига олиб келмоқда. Натижада, иқтисодиёт учун зарур бўлган муҳандислик ва технология йўналишларида аёллар етарли даражада иштирок этмаяпти.
Самарқанд олийгоҳлари бўйича маълумотларга ҳам эътибор қаратиш лозим. Масалан, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида 2022–2023 ўқув йилида 1120 нафардан ортиқ қизлар битирган бўлиб, улардан 913 нафари бакалавр, 25 нафари магистр. Шу билан бирга, университетдаги профессор-ўқитувчилар таркибида аёлларнинг улуши 53 фоизни ташкил этади. Бироқ техник йўналишларда улуши ҳали ҳам паст: 2021–2022 ўқув йилида бакалавр даражасини олганларнинг атиги 20 фоизини, магистратура битирувчиларининг эса 34 фоизини аёллар ташкил қилган.
Умуман олганда, Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг умумий сони 84 мингдан ортиқ бўлса, улардан тахминан чорак қисмини хотин-қизлар ташкил этади. Бу рақамлар ҳудудий миқёсда ҳам гендер тафовутларини бартараф этиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, ўқитувчилар орасида аёллар салмоқли ўрин эгаллаганига қарамай, олий таълим муассасалари ва мактабларда раҳбарлик лавозимларида уларнинг улуши жуда кам. Олий таълим вазирлигининг 2024 йилги маълумотига кўра, университет ректорлари орасида аёллар улуши атиги 7 фоизни ташкил этади. Бу эса аёлларни бошқарув лавозимларига тайёрлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва малака ошириш дастурларини кучайтириш заруратидан далолат беради. Қишлоқ жойларда эса инфратузилма билан боғлиқ муаммолар долзарблигича қолмоқда. Хусусан, ётоқхона ва транспорт имкониятларининг чекланганлиги кўплаб қизларнинг олий таълим олишига жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда.
Халқаро тажриба шундан далолат берадики, гендер тенглигини таъминлаш таълим сифати ошиши ва иқтисодий ўсишга сезиларли таъсир кўрсатади. Масалан, Швеция университетларида талабаларнинг 54 фоизини аёллар ташкил этади, техника ва IT йўналишларида ҳам уларнинг фаоллиги юқори. Данияда “STEM for Girls” дастури орқали қизларнинг математика, муҳандислик ва технологияга қизиқиши ортиб бормоқда. Норвегияда аёллар олий таълим муассасаларида талабалар умумий сонининг қарийб 60 фоизини ташкил этади, бунда давлатнинг таълим ва иш бозорида тенг имкониятларни яратишга қаратилган сиёсати катта аҳамият касб этмоқда. Финландияда эса гендер тенглиги давлат таълим сиёсатининг ажралмас қисми бўлиб, мактабларда қизлар ва ўғил болалар учун тенг имкониятлар яратиш бўйича алоҳида дастурлар амалга оширилмоқда.
Бугун гендер тенглиги масаласи нафақат ижтимоий адолат, балки мамлакатнинг иқтисодий ва интеллектуал тараққиёти билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. Шу боис, Ўзбекистонда раҳбарлик лавозимларида аёллар улушини ошириш, педагог хотин-қизлар учун етакчилик ва малака ошириш дастурларини жорий этиш, шунингдек, қизларни техника ва IT каби замонавий йўналишларга кенг жалб этиш зарур.
Дилдора Нутфиева,
Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг хорижий тиллар таълими кафедраси катта ўқитувчиси.