"Тарбиячи" мультфильмлар таҳлили билан ким шуғулланади?

Айни мавзуда бир қатор хорижий мамлакатларда олиб борилган тад­қиқотлар, уларнинг хулосалари хусусида мулоҳаза юритсак, фойдадан холи бўлмас. Мисол учун, АҚШнинг Атланта касалликларнинг олдини олиш ва назорат этиш маркази илмий гуруҳининг хулосаларига кўра, болалар учун ишланаётган фильмларда қаҳрамонлар аввалгиларга қараганда кўпроқ хавфсизлик қоидаларини бузяпти. Масалан, уларда шлемсиз мотоцикль ҳайдовчи, қут­қарув жилетисиз кемага тушадиган, автоуловни хавфсизлик камарисиз ҳайдайдиган қаҳрамонлар биз, катталар эътиборидан четда қолаётганига алоҳида урғу берилади.

Олимлар 67 та энг машҳур фильм­лардаги ҳодисаларни белгилаб чиқди ва уларни алоҳида босқичларга ажратиб, таққослаб ўрганди. Ўрганиш 3 та босқичда амалга оширилди. Биринчи босқич 1995-1997, иккинчиси 1998-2000 йиллар оралиғи ва учинчи босқич 2003-2007 йилларда ишланган болалар фильмларини ўз ичига қамраб олади. 2003-2007 йилларда яратилган фильмларда 56 фоиз йўловчилар хавфсизлик камарисиз намоён бўлади. Ушбу кўрсаткич олдинги даврда 37 фоиз ҳолатда, 1995-1998 йиллардаги киноларнинг 27 фоизида кузатилади. Бу болаларнинг қоидаларга риоя қилиши борасида жиддий муаммолар юзага келишига сабаб экан. Умуман олганда, киноларда хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя қилиш ҳолатлари жуда кам.

Бола кўпинча фильмда нимани кўрса, шунга тақлид қилади. Агарда унинг тасаввуридаги "қаҳрамон" техника хавфсизлигини бузса, унга ўқитувчининг "Бу ишинг тўғри эмас", деган уқтириши таъсир этмаслиги мумкин.

Қўрқув ҳам экрандан чиқди. Бугун вақтининг асосий қисмини телевизор қаршисида ўтказувчи болалар нимани томоша қилаётгани ўта жиддий мавзу. Чунки илк тасаввурлар инсон ҳаётининг сўнгига қадар унинг хотирасида сақланади. Бугун эртак эшитувчи болалар жуда кам. Энди улар учун кечқурунлари ухлаш олдидан эртак ёки достонлар тинглаш зерикарлидек, гўё. Уларнинг тарбиячиси телевизор ва компьютер бўлиб қолди.

Демакки, болаларнинг экрандаги "устози" "сабоқ"лари аҳамиятини ўрганиш бугун жуда долзарб масала. Мультфильмлардаги ҳар хил ёмон оқибатларга олиб келувчи саҳналар анча олдин ҳам кузатилгани тўғрисида бир неча мулоҳазалар бор. Бугун деярли барча ОАВда "оммавий маданият" таҳдиди тўғрисида жар солиняпти. Бунга сабаб нима? "Оммавий маданият"нинг ўзи нима?

Миллий телеканалларимизда ахлоқсиз ва савия жиҳатидан паст мульт­фильмларга жой берилмаяпти, дейишимиз ноўрин. Бундай дадил гапиришимга сабаб бор, албатта. Масалан, яқинда маҳаллий телеканалларимиздан бирида қуёнчалар ҳақида мультсериал берилди. Ҳар бир қисмида гўёки, беозор қуёнчалар қайсидир деҳқон томорқасига кириб, ўғирлик қилишади. Уй эгасига озор етказишади, ўша қаҳрамонлар боши берк кўчага кириб қолганда катта қуёнлар ёрдамга келиб, "ажабтовур" маслаҳатлар беришади. Бунинг тарбиявий аҳамияти қанчалик ўринли?

Болалар олами жуда беғубор ва таъсирчан. Бу оламга ҳеч кимнинг қўрқинчли, бузғунчи ва иллатли ғояларни олиб киришга ҳаққи йўқ.

Абдусамад РУСТАМОВ,

Ургут туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.