Тарихий обидаларда тараққиёт деб фаҳшни тарқатаётганлар кимлар?

Октябрь ойида Шаҳрисабз шаҳридаги ресторанга айлантирилган, бир неча асрлик "Коба" карвонсаройида кўнгилочар кеча бўлиб ўтди. Бу ҳақда Keshnews канали хабар берди.
Тадбир ташкилотчилари «Коба» ва Шаҳрисабзнинг улуғворлиги, қадимийлиги, анъанларини бир пулга олмасдан, стрип-пластика, яна ҳам очиқроқ айтадиган бўлсак, яланғоч қизлар рақсини меҳмонларга намойиш этишди.
Бундай тадбирларга ярим яланғоч қизлар ёрдамида «файз» бериш Шаҳрисабз, қолаверса, Қашқадарё вилояти ҳақида меҳмонларда ёмон таассурот пайдо бўлишига сабаб бўлмайдими?
Мақолада вилоят ҳокими З.Рўзиевдан ва вилоят ҳокимининг туризмга масъул ўринбосари, Шаҳрисабз шаҳри ҳокимидан бу тадбир ҳақида тушунтириш беришлари сўралган.
Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг ахборот хизмати берган изоҳга кўра, ресторан маъмуриятининг тадбирда ярим яланғоч қизлар рақси намойиш этилишидан хабари бўлмаган. Тадбирда бирор бир хорижий меҳмон бўлмаган. Ушбу тадбирга ҳокимликнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.
"Коба" карвонсаройи ўрнида ташкил этилган ресторан директорининг @keshnews’га маълум қилишича, бу тадбир яккабоғликлар томонидан шартнома асосида ташкил этилган.
Ресторан раҳбари бундай рақсларнинг бўлиши ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган. Улар фақатгина тадбирни ташкил этиш учун ресторанни ижарага беришган.