Таътил қишнинг қаҳратони ва ёзнинг саратонида бўлса қулайлик беради
Кеча Zarnews.uz сайтида "Таътилни қишга кўчирсак..." сарлавҳали мақоласида билдирилган фикрлар барчамизнинг кўнглимиздаги гап. Чунки бу муаммонинг мақбул ечимини топиш таълим тизимига сезиларли таъсир кўрсатади.
Муаллиф айтганидек, бугун ўқув йилининг бошланишига пахта теримининг ҳам, бошқа бир хўжалик юмушларининг ҳам алоқаси йўқ. Таълим тизимида уч ойлик таътил биз учун собиқ иттифоқ даврида уни Европа қисмидаги аҳолига мўлжаллаб тузилган. Яъни, ўша жойлар иқлими ҳисобга олинган.
Назаримда, бизда халқ таълими ва олий таълимда таътилни икки даврга кўчирган маъқул. Биринчиси декабрь-январь ойида, аниқроғи қиш фаслида, учинчи ойини эса саратонда ўтказиш мумкин. Чунки болалар учун қишнинг совуғи нечоғли мураккаб кечса, саратон жазирамаси ҳам шунчалик таъсирлидир. Иккала ҳолатда ҳам, аввало, шифокорларга болаларнинг мурожаатлари камаяди, ўқув юртларида иситиш учун сарфланадиган сарф-харажатлар тежалади. Муҳими, август ва июль ойларида қулай об-ҳаво шароитида таълим самарадорлигига эришамиз. Қиш фаслида эса энергия сарфидан қатъи назар совуқ ҳолатда бўладиган синф хоналари, кутубхона ва спорт залларида "дарс ўтилди", деган ёлғон маълумотлардан қутуламиз.
Муаллиф таъкидлаганидек, таълим тизими ходимлари аллақачон бу масалага жиддий ёндашишлари, унинг халқчил концепциясини яратишлари зарур эди. Лекин ҳали ҳам кеч эмас. Негаки, биз таълим тизимини яратишда, назаримда, болаларимизнинг иқтидори, заковатини намойиш қилишига имкон яратишда ўз шароитимиздан келиб чиқишимиз керак. Бинобарин, ҳар бир давлат бу масалага ана шундай ёндашади.
Дилшод Мусинов,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ўқитувчиси.