Телеграм орқали ўзганинг пулини ўзлаштирган пайариқлик шахс қўлга олинди
Сурхондарё вилояти, Денов туманида яшовчи 33 ёшли Б.Б. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 1.100.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Самарқанд вилояти, Пайариқ туманида яшовчи 33 ёшли Р.Ш. содир этганлиги аниқланган.
Унга кўра, Р.Ш. “Телеграм” мессенжеридаги “Ўйинчоқлар” номли гуруҳида Б.Б. билан танишиб, у харид қилган юмшоқ ўйинчоқни “Сизга ўзимиз етказиб берамиз” дея уни алдаб, ўзининг фойдаланувида бўлган банк пластик картасига 1.100.000 сўм пулларни олдиндан ўтказдириб олиб, пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган, юмшоқ ўйинчоқ ҳам манзилга етказиб берилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Р.Ш.нинг содир этилиб фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.