Темурбеклар мактабининг илк битирувчилари диплом олди
Бугун Самарқанд шаҳридаги Темурбеклар мактабининг биринчи битирувчилари бўлган 289 нафар ёш йигитга тантанали равишда дипломлар топширилди.
Вилоят ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ, Самарқанд ҳарбий прокуратураси вакиллари, Темурбеклар мактаби жамоаси, битирувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилаётган эътибор, яратиб берилаётган имкониятлар хусусида сўз юритилиб, бугун бу мактабни битираётган ёшлар Ватанини юксак қадрлайдиган, ўз халқига ғамхўр, унинг ҳимоясига ҳамиша тайёр, жасур ва адолатпарвар шахс бўлишларига ишонч билдирилди.
- Бугун ўғлимнинг тантанали тадбирда иштирок этиб, қўлига диплом олиш жараёнини кузатар эканман, қалбим ҳаяжонга тўлди, - дейди битирувчи Азизжон Жабборовнинг онаси Холида Жабборова. – Ўзим ҳам ҳарбий бўлганман. Ўғлим туғилган пайтдаёқ унинг ҳарбий бўлишини истаганман. Бугун орзуим ушалаётганлигидан хурсандман. Ўйлайманки, ўғлим учун Темурбеклар мактабида олган билими, эришган ютуқлари пойдевор бўлиб, келгусида юрт корига ярайдиган, Соҳибқирон Амир Темурга муносиб фарзанд бўлади.
- Эсимни таниганимдан спортнинг сузиш, югуриш, каратэ турлари билан шуғулланиб келганман, - дейди Темурбеклар мактаби битирувчиси Йўлдош Эргашев. – Болаликдаги орзуим ҳарбий бўлиш эди. Темурбеклар мактабини битириб қўлимга диплом олар эканман, бу кўнглимга хурсандчилик билан бирга, зиммамга катта бир масъулият ҳам юклади. Келгусида ўқишни шу соҳада давом эттириб, ота-онамга, Президентимга содиқ фарзанд бўлишга, Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қилишга ваъда бераман.
Тадбир битирувчиларнинг тантанали марши, улар томонидан тайёрланган спорт ўйинлари, ҳарбий-жанговар чиқишлар билан якунланди.
Тўлқин Сиддиқов.
Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.