Самарқанддаги “Темурбеклар мактаби” тугатилади

2020-2021 ўқув йилида Самарқанд шаҳридаги “Темурбеклар мактаби”нинг тугатилиши ҳақида Президентимизнинг 2019 йил 28 июндаги “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида келтирилган.
- Янги ўқув йилида мактабимизга ўқувчилар қабул қилинмади, - деди “Темурбеклар мактаби” директори Шерзод Рашидов. – Муассасада 107 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Улар шу йил ўқишни битиради ва мактабимиз тугатилади.
2021 йил январь ойидан Мудофаа вазирлиги тасарруфида бўлган “Темурбеклар мактаби”да қурилиш соҳасидаги 16 турдаги касблар бўйича бир йилда 18-30 ёшгача бўлган 1 800 нафар ишсиз фуқарони ўқитиш режалаштирилмоқда.
Маълумотларга кўра, айни пайтда мактаб биноси қайта таъмирланмоқда. Ҳали ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш курслари очилгани йўқ.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.