Тест имтиҳони кунлари 5:00 дан 21:00 гача Самарқанд шаҳрининг 12 та ҳудудида автобуслар абитуриентлар учун хизмат кўрсатади

Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари ўтказиладиган 2-12 сентябрь кунлари тезкор, қулай ва сифатли транспорт хизматини кўрсатиш муҳим. Ушбу саналарда йўловчилар оқимининг кескин ортишини инобатга олинса, автобус йўналишлари жадвалига ўзгартириш киритиш керак бўлади. Аммо абитуриентларга хизмат кўрсатиш баробарида аҳолининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжини ҳам қондириш лозим.
Вилоят транспорт бошқармасида ўтказилган йиғилишда худди шу масалалар муҳокама қилинди. Муҳокамалар натижасида 2-12 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида абитуриентларни манзилга етказиш учун алоҳида йўналишлар ташкил қилиш белгиланди. Ушбу йўналишларда автобуслар эрталабки 5:00 дан кечки 21:00 гача ҳаракатланади.
Шунингдек, кириш тестлари ўтказиладиган кунлар йўл кира нархларини сунъий равишда оширилишининг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрининг 12 та ҳудудида автобуслар абитуриентлар учун хизмат кўрсатади. Ушбу қўшимча автобуслар Даҳбет кўчасида (Банк коллежи), Университет хиёбонида (“Регистон Плаза” меҳмонхонаси), “Сиёб” АББда (Кафтархона), Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи (“Поворот”), “Ҳазора” АББда, Буюк Ипак йўли кўчасида (Нарпай кўчаси чорраҳаси), Сартепа масканида (Туризм коллежи), Фарҳод шаҳарчасида (Ширин МФЙ), Қорасув масканида, Улуғбек расадхонасида, Сиёб бозорида (Йўл ўтказгич кўприк ости), Кимёгарлар шаҳарчаси (“Нурафшон” ўйингоҳи)да ташкиллаштирилади.
Ҳар бир автобус қайси йўналиш бўйича ҳаракатланиши ҳақида махсус йўл кўрсаткичига эга. Ушбу автобуслардан фақатгина абитуриентлар фойдаланиши мумкин. Автобусларга 25 нафардан ортиқ йўловчи ташиш таъқиқланади. Ота-оналар ёки бошқа ҳамроҳлар автобусларга чиқарилмайди.
Автобусларнинг санитария қоидаларига риоя қилиши, йўловчилар сони вилоят транспорт бошқармаси масъул ходимлари ҳамда инспекторлари томонидан назорат қилинади.
Аҳоли учун жамоат транспортлари одатдаги жадвал бўйича хизмат кўрсатади.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.