Тест синовлари ўтказиладиган бинолар тайёрми?

Вилоятимизда 2025-2026 ўқув йили қабули учун 72 минг 306 нафар абитуриент тест синовларида қатнашиши маълум бўлди.

Тест синовлари учун жами 6 та бино, яъни Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти бўлими биноси, СамДУ академик лицейи спорт зали, спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мажмуасининг 3 та спорт заллари ҳамда Ўзбекистон-Финландия педагогика институти спорт заллари танлаб олинган.

Ушбу спорт мажмуаларида ўтган йилларда ҳам тест синовлари ташкил этилган бўлиб, бир сменада 124 гуруҳда 3720 нафар абитуриентга мўлжалланган биноларнинг режа-чизмалари ишлаб чиқилиб, етарли стол-стуллар билан таъминланди.

Бугунги кунда барча бинолар 360 градусга айланувчи видеокузатув камералари билан жиҳозланди.

Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг бош штаби, тиббиёт пунктлари учун хоналар ажратилди.

Абитуриентлар етарли миқдорда (0,5 литр) ичимлик суви ва ручкалар билан таъминланади ҳамда уларнинг тўпланиш жойларида соябонлар ташкил этилади.

Самариддин СУЮНОВ,

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги

Самарқанд вилояти бўлими мутахассиси.