Техноген офат қозоқ биродарларимизга ҳам ортиқча ташвиш етказганидан жудаям хижолатдамиз — Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга ҳамда Бухоро ва Сирдарё вилоятларида юз берган фавқулодда ҳодисаларга яна бир бор алоҳида тўхталиб ўтди. Президент, жумладан, шундай деди:

Афсуски, Сардобадаги офат натижасида биз билан чегарадош бўлган ён қўшнимиз – Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти Мақтарал туманининг айрим аҳоли пунктларини ҳам сув босди. Биз Қозоғистон Президенти, ҳурматли Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали бу масалани ўзаро тушуниш ва очиқлик руҳида атрофлича муҳокама қилиб олдик. Куни кеча Туркистон вилояти ҳокими Умирзоқ Шукеев бошчилигидаги делегация воқеа жойида бўлиб, вазиятни ҳар томонлама чуқур ўрганди.

Биз қардош қозоқ халқи билан азал-азалдан бир дарёдан сув ичиб, ўзаро қуда-анда бўлиб, эт билан тирноқдек яқин бўлиб яшаганмиз. Қувончли кунларда ҳам, синовли дамларда ҳам ҳамиша бир-биримизга елкадош бўлиб, қўллаб-қувватлаб келганмиз.

Ушбу кутилмаган техноген офат нафақат аҳолимизга, балки қўшни қозоқ биродарларимизга ҳам ортиқча ташвиш ва зиён етказганидан жудаям хижолатдамиз. Уларнинг аҳоли яшаш жойлари ва экин майдонлари зарар кўрганидан, албатта, биз жуда афсусдамиз.

Ҳукуматимиз, тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, бошқа мутасадди ва мутахассислар қозоғистонлик ҳамкасблари билан биргаликда табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича, албатта, яқиндан ҳамкорлик қилади.

Биз қозоғистонлик биродарларимизга табиий офат оқибатларини бартараф этишда керакли ёрдам беришга ҳам тайёр эканимизни билдирдик.

Ишончим комил, биз бошимизга тушган бу оғирликларни ҳам халқимиз билан биргаликда, ўзаро ҳамжиҳатликда бир тану бир жон бўлиб, албатта, енгиб ўтамиз.